21:21 / 26.01.2021
6334
Дунёдаги энг қиммат брендлар маълум қилинди  

Британиянинг Brand Finance консалтинг компанияси дунёнинг энг қиммат брендлари анъанавий рейтингини эълон қилди. 5 йил ичида биринчи марта Apple энг қиммат бренд номини ўзига қайтара олди. 

Фото: Kevin Frayer / Getty Images

Apple брендининг қиймати 263,3 млрд долларга баҳоланган. Компания ўз бренди қиймати 200 млрд доллардан ошган тарихдаги иккинчи компанияга айланди. Бундай кўрсаткичга 2020 йилда биринчи бўлиб Amazon эришган эди. Жефф Безос компанияси 2018 йилдан 2020 йилгача рейтингда етакчилик қилиб келганди.

Apple охирги марта энг қиммат бренд бўлган 2016 йилдан бери деярли 2 карра қимматлаган – 5 йил аввал у  145,9 млрд долларга баҳоланган. Таъкидлаб ўтиш жоиз, бир йил ичида ушбу бренд 87 фоизга қимматлаган. Brand Finance бу баҳосини бренднинг технологик компаниялар бизнеси диверсификацияси билан тушунтирмоқда.

2-ўринни охирги 3 йил етакчиси Amazon эгаллаган. Ушбу бренд қиймати 254,2 млрд долларга баҳоланган. 2020 йилдан бери унинг қиймати 15 фоизга ошган. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, интернет-ретейлер пандемия ва унинг ортида киритилган чекловлардан фойда кўра олган саноқли компаниялардан бири ҳисобланади. 

3-ўринни Google бренди эгаллаган. У 191,2 млрд долларга баҳоланган. Бренд бир йил ичида бор-йўғи 1 фоизга қимматлаган. “Google пандемия натижасида тарихда биринчи марта даромадининг пасайишини қайд қилди. Компания даромадининг катта қисми рекламадан олинади, ушбу сегмент эса ўтган йил маркетинг бюджетлари қисқариши сабабли кучли зиён кўрди”, деб тушунтиришган таҳлилчилар. 

Шунингдек, рейтингнинг етакчи ўнталигидан Microsoft (140,4 млрд доллар), Samsung (102,6 млрд доллар), Walmart (93,2 млрд доллар), Facebook (81,5 млрд доллар), ICBC (банк хизматлари, 72,8 млрд доллар), Verizon (телекоммуникация, 68,9 млрд доллар) ва WeChat (ижтимоий тармоқ, 67,9 млрд доллар) брендлари жой олган.

Умуман олганда, рейтингга киритилган 500 компаниядан 204таси АҚШ, 75таси Хитой, 34таси Япония, 33таси Франция, 22таси Германия ва 19таси Британия компаниялари ҳисобланади.  

Таъкидлаб ўтиш жоиз, бир йил ичида энг кўп қимматлаган бренд Tesla бўлган. У 2020 йил давомида 158 фоизга қимматлаб, қиймати 32 млрд долларга етган. Энг қиммат автомобил бренди деб Toyota тан олинган. Япон компанияси бренди 59,4 млрд долларга баҳоланган. 

Top