08:08 / 26.01.2021
3340
Ўзбекистонлик олимлар коронавируснинг «британча» штаммини аниқловчи тест тизими устида иш олиб бормоқда 

Ўзбекистонлик олимлар COVID-19 вирусининг «британча» штаммини аниқловчи тест тизимини яратиш устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Ш.Турдиқулова Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси муваққат ишлар вакили А.Суда билан музокара ўтказган.

Инновацион ривожланиш вазири биринчи ўринбосари вазирлик томонидан коронавирусга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталди. Хитойнинг “Anhui ZhifeiLongcom Biopharmaceutical” компанияси томонидан ишлаб чиқилган коронавирусга қарши вакцинанинг III фаза клиник синовларини ўтказиш жараёни, коронавирусни аниқловчи ПЗР тест тизимлари ишлаб чиқарилаётгани, Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашга доир илмий тадқиқотлар ҳақида маълумотлар берди. Мазкур тадқиқотларни амалга оширишда Япониянинг ушбу соҳадаги илмий-тадқиқот ташкилотлари ва компаниялари билан ҳамкорликка тайёрлигини билдириб ўтди.

Ш.Турдиқулова Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази томонидан ПЗР тест тизимларини яратиш ва ишлаб чиқариш йўлга қўйилганини маълум қилиб, ушбу марказ олимлари томонидан COVID-19 вирусининг «британча» штаммини аниқловчи тест тизимини яратиш устида иш олиб борилаётганини маълум қилди. 

Япония элчихонаси вакиллари билан ушбу тадқиқотларни амалга оширишда ҳамкорлик қилувчи япон ташкилотлари ва компанияларини топишда амалий кўмак бериш масаласини кўриб чиқишга келишиб олинди, дейилади хабарда. 

Top