20:53 / 28.01.2021
7727
Тошкент шаҳри бош архитектори «Сквер»даги автотураргоҳ ўрнида қурилаётган объект атрофидаги гап-сўзларга изоҳ берди

Тошкент шаҳри бош архитектори Нуриддин Соатов 28 январ куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда Матбуотчилар кўчасида ер ости уч қаватли автотураргоҳга эга бўлган, ер усти қаватлари сони 5 қаватдан ошмайдиган савдо мажмуаси ва офис бинолари қуриш учун дастлабки эскиз лойиҳалари келишилганини маълум қилди.

«Ижтимоий тармоқларларда «Пойтахт» савдо маркази олдида қурилиш ишлари кенгайиб кетаётгани ҳақида тарқалган фикрлар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йилдаги тегишли қарорларига асосан, Миробод тумани Матбуотчилар кўчасида жойлашган мавжуд автотураргоҳ ўрнига 0,23 гектарли ер майдонида ертўла қисмида автотураргоҳ бўлган савдо мажмуаси ва офис биноларини қуриш учун ер участкасини захиралаш ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишга «IMP NEW PAY» хусусий корхонасига рухсат берилган бўлиб, мазкур қарорга биноан Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси томонидан қурилишнинг чегара ҳудудлари белгилаб берилган.

Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси томонидан 2019 йил 16 майдаги 1289-сонли Архитектура режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилган ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сонли қарори билан лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш бўйича Архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши ишчи органи томонидан «IMP NEW PAY» хусусий корхонасига Миробод тумани Матбуотчилар кўчасида ер ости уч қаватли автотураргоҳга эга бўлган, ер усти қаватлари сони эса умумий 5 қаватли бинога эга бўлган ва ҳар бир қаватлари очиқ турдаги Open Spice услубида ишланган кўп тармоқли савдо мажмуаси ва офис бинолари қуриш учун дастлабки эскиз лойиҳалари келишилган», дея Нуриддин Соатовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ Матбуотчилар кўчасидаги 0,23 гектар майдон Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йил 28 мартдаги 467-сонли қарори асосида 25 млн АҚШ долларидан кам бўлмаган инвестиция киритиш шарти билан Чехиянинг «IMP NEW PAY» компаниясига ажратиб берилгани маълум бўлганди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Фурқат Маҳмудхўжаев Kun.uz'га бу ерда 1-2-3-қаватлари савдо дўконлари, юқори қаватлари офислардан иборат 9 қаватли бино қурилиши режалаштирилганини айтганди.

2016 йил 19 августда Чехия Республикасида «IMP NEW PAY» номи билан давлат рўйхатидан ўтган компания таъсисчилари ўзбекистонлик Исроил Юнусов ҳамда германиялик Пол Брайтенбаҳ ҳисобланади. Исроил Юнусов «IMP NEW PAY»нинг 95 фоиз, Германия фуқароси эса 5 фоиз акциясига эгалик қилади. Корхонанинг устав капитали 1000 чех кронасини (тахминан 39 доллар) ташкил этади.

Суриштирувлар давомида Исроил Юнусов Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси раиси, шунингдек, Тошкент ишбилармонлик марказида қурилиш олиб бораётган Real House бренди остидаги Lotus Gaz Invest масъулияти чекланган жамиятнинг таъсисчиларидан бири бўлиб чиққанди.

Эслатиб ўтамиз, пойтахтнинг қоқ марказидаги бозор қиймати тахминан 1 млн долларга тенг бўлган ушбу ер майдони шаклан хорижий инвестор, аммо аслида ортида ўзбекистонликлар турган «IMP NEW PAY» хусусий корхонасига ҳеч қандай тендерларсиз, нол қийматда бериб юборилгани жамоатчилик ўртасида норозиликларга сабаб бўлган эса-да, шаҳар ҳокимининг қарори бекор қилингани, мазкур ишда коррупция ва қонунбузилиш аломатлари борлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг эътиборини тортгани йўқ.

Top