15:24 / 29.01.2021
4169
Суякли мол гўшти 66 000 сўмгача, қўй гўшти 78 000 сўмгача. Статқўм бозорлардаги нарх-навони маълум қилди

Давлат статистика қўмитаси бозорлардаги нарх-наво тўғрисида маълумот берди.

Давлат статистика қўмитаси мамлакат ҳудудидаги марказий деҳқон бозорларида 2020 йил 27 январ куни ўтказилган кузатув ва алоҳида турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг минимал-максимал нархларини маълум қилди.

Суякли мол гўшти 45 минг сўмдан 66 минг сўмгача (кг)

Кузатув натижасига кўра, 1 кг суякли мол гўштининг минимал нархи (45 минг сўм) Нукус шаҳрининг «Нукус деҳқон бозори», Наманган шаҳарининг «Наманган чорсу деҳқон универсал бозори» ва Урганч шаҳрининг «Урганч марказий деҳқон бозори» расталарида қайд этилган. Суякли мол гўштининг максимал нархи эса Тошкент шаҳрининг «Эски жўва деҳқон бозори»да кузатилган.

Қўй гўшти 48 минг сўмдан 78 минг сўмгача (кг)

Қўй гўштининг минимал нархи Нукус шаҳрининг «Нукус деҳқон бозори»да (48 минг сўм) кузатилган. Максимал нархи эса Тошкент шаҳрининг  «Миробод деҳқон бозори»да (78 минг сўм) кузатилди.

Картошка 2800 сўмдан 6000 сўмгача (кг)

Кузатув натижаларига кўра, Тошкент шаҳрининг «Миробод деҳқон бозори»да сотувдаги йирик бўлмаган картошканинг нархи минимал нарх сифатида (2 800 сўм) қайд этилган. Тошкент шаҳрининг «Олой деҳқон бозори»да сотувдаги сараланган картошканинг нархи максимал нарх сифатида (6 000 сўм) қайд этилди.

Пиёз 1200 сўмдан 3500 сўмгача (кг)

Пиёз маҳсулотининг минимал нархи Гулистон шаҳрининг «Гулистон деҳқон бозори»да (1 200 сўм) рўйхатга олинди. Максимал нарх сифатида эса Тошкент шаҳрининг «Олой деҳқон бозори»да сотувда бўлган сараланган пиёзнинг нархи кузатилди (3 500 сўм).

Сабзи 1000 сўмдан 4000 сўмгача (кг)

Сабзи маҳсулотининг минимал нархи Гулистон шаҳрининг «Гулистон деҳқон бозори», Фарғона шаҳрининг «Фарғона шаҳар марказий деҳқон бозори»да  (1 000 сўм) қайд этилган. Шу билан бирга, Тошкент шаҳрининг «Олой деҳқон бозори»да сотувдаги тозаланган ва сараланган сабзининг нархи максимал нарх сифатида (4 000 сўм) қайд этилди. 

Тухум 7 000 сўмдан 15 минг сўмгача (10 дона)

Кузатув натижасига кўра, Гулистон шаҳрининг «Гулистон деҳқон бозори», Тошкент шаҳрининг «Қўйлиқ деҳқон бозори»да арзонлаштирилган тухум расталаридаги майда тухумнинг нархи минимал нарх сифатида қайд этилди (7 000 сўм). Максимал нарх эса Тошкент шаҳрининг «Олой деҳқон бозори», «Эски жўва деҳқон бозори»ларида кузатилган.

Гуруч 5 000 сўмдан 18 минг сўмгача (кг)

Кузатув натижаларига кўра, гуруч маҳсулотининг минимал нархи Нукус шаҳрининг «Нукус деҳқон бозори», Термиз шаҳрининг «Марказий деҳқон озиқ-овқат бозори», Қарши шаҳрининг «Қарши деҳқон озиқ-овқат бозори», Тошкент шаҳрининг «Олой деҳқон бозори»да (5 000 сўм) қайд этилган. Максимал нарх эса, Тошкент шаҳрининг «Миробод деҳқон бозори», «Эски жўва деҳқон бозори», «Олой деҳқон бозори»да кузатилди (18 минг сўм). 

 Ўсимлик ёғи 11 минг сўмдан 19 минг сўмгача (литр)

Ўсимлик ёғи маҳсулотларининг минимал нархи Тошкент шаҳрининг «Эски жўва деҳқон бозори»да (маҳаллий пахта ёғи 11 минг сўм) кузатилди. Максимал нархи эса Тошкент шаҳрининг «Миробод деҳқон бозори»да (кунгабоқар ёғи 19 минг сўм) кузатилди.

Шакар 6 500 сўмдан 8 000 сўмгача (кг)

Шакар маҳсулотининг минимал нархи Тошкент шаҳрининг  «Қўйлиқ деҳқон бозори»да (6 500 сўм) қайд этилди. Максимал нархи эса Нукус шаҳрининг «Нукус деҳқон бозори», Жиззах шаҳрининг «Жиззах марказий деҳқон бозори», Андижон шаҳрининг «Янгибозор деҳқон бозори», Самарқанд шаҳрининг «Сиёб деҳқон бозори», Урганч шаҳрининг «Урганч марказий деҳқон бозори», Тошкент шаҳрининг «Олой деҳқон бозори», «Фарҳод деҳқон бозори», «Қўйлиқ деҳқон бозори»да (8 000 сўм) кузатилди.

Top