08:02 / 29.01.2021
6247
Тошкент вилоятида одам савдоси жиноятининг олди олинди
Фото:tviibb.uz

Фарғона вилоятида яшовчи икки аёл моддий манфаат орттиришни мақсад қилиб, осон, аммо инсоният табиатига хос бўлмаган йўлни танлаб жиноят кўчасига кирган. Она 3 яшар боласини 4 000 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлди. Бу унинг учун биринчи ҳолат эмас, деб ёзади Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати.

Қайд этилишича, ИИВ ҳамда Тошкент вилояти ИИББ Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш ходимлари ҳамкорлигида жорий йилнинг 24 январь куни ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида, Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшовчи, 1980 йилда туғилган М.Қ. Қўқон шаҳрида яшовчи таниши, 1978 йилда туғилган З.Х. билан биргаликда Нурафшон шаҳрига келиб, М.Қ.нинг 2018 йилда туғилган ўғли (А.А.)ни шартли харидорга 4 000 АҚШ доллари эвазига сотаётган вақтида ушланган.

Фото:tviibb.uz

Олиб борилган дастлабки суриштирув ишлари давомида М.Қ. аввал ҳам шу каби ҳолатни содир этиб, учинчи фарзанди, 2016 йилда туғилган ўғли (М.Қ.)ни моддий манфаат эвазига бериб юборгани аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан фуқаролар М.Қ. ва З.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тадбир сўнгида 2018 йилда туғилган А.А.нинг саломатлиги кўрикдан ўтказилиб, отасига қайтарилган. Суҳбат давомида боланинг отаси аёли М.Қ. уни алдаб боласини уйдан олиб чиқиб кетганини, бундан хабари бўлмаганини ва қаттиқ таассуфда эканлигини билдирган.

Воқеа жойидан олинган тезкор тасвирлар, ҳолат юзасидан гумонланувчилар берган интервью ҳамда ҳодисага тўлиқ изоҳ тез орада видеолавҳа кўринишида эълон қилиниши айтилган.

Top