20:14 / 02.02.2021
10841
Cotton Campaign: Фермерларда пахта шартномаси тузиш бўйича танлов мавжуд эмас

Ўзбекистон ҳукумати майда ва ўрта фермерлар ерларини кластерларга олиб бериш сиёсатини олиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, қишлоқ ҳудудларда яшаш имкониятларини барбод қилмоқда. Қолаверса, фермерларда кластерлар билан эркин шартнома тузиш имконияти мавжуд эмас. Cotton Campaign халқаро коалициясининг 2020 йил пахта ҳосилида мажбурий меҳнатга доир ҳисоботида шу ҳақда сўз боради.

Бундан ташқари, АҚШ модалар индустрияси уюшмаси президенти Жулия Хьюз фикрича, «Ўзбекистон ишончли глобал етказиб берувчи бўлиш имконига эга, аммо брендлар ва чакана савдо қилувчилар масъулиятли етказиб берувчиларни текшира олишлари учун мониторинг ва бошқарувнинг шаффоф моделлари зарур».

Уюшма вице-президенти Нейт Ҳерманга кўра, «брендлар мажбурий меҳнатга мутлақ тоқатсизлик сиёсатини юритиб келмоқда ва Ўзбекистон ўтмишдаги амалиёт билан боғлиқ хавотирларни ортда қолдириш учун мажбурий меҳнат пахта етказиб бериш занжирини бузмаслиги борасида юқори даражада ишончни таъминлай оладиган инновацион моделларни жорий қилиши керак».

 Ҳисоботда фермерлар ҳақ-ҳуқуқларига ҳам тўхталинган бўлиб, уларда кластер билан шартнома имзолаш борасида танлов мавжуд эмаслиги танқид қилинган.

 «Ҳар бир туманда камида битта кластер фаолият юритади. Шу боис, фермерларда шартнома имзолаш борасида танлов йўқ, уларда ўзлари етиштирган пахта нархини белгилаш бўйича назорат ёки музокара ўтказиш кучи мавжуд эмас. Камида бир ҳолатда, мустақил кооперативларини ташкил этмоқчи бўлган фермерлар ушбу тумандаги кластер билан шартнома имзолашдан бошқа чораси йўқлигига доир маҳаллий ҳокимият идораларидан кўрсатма олишган. Пахта етиштиришни инкор қилган фермерлар ерлари олиб қўйилади.

 Бундан ташқари, ҳукумат майда ва ўрта фермерлар ерларини қишлоқ хўжалиги юритиш учун кластерларга олиб бериш сиёсатини юритмоқда. Бу эса, қишлоқ жойларда яшаш воситалари учун ўта вайронкор оқибатларга эгадир. Бу жараёнларда айрим фермерлар қишлоқ хўжалиги ишчилари сифатида кластерларда ишламоқда. Бунда улар ва уларнинг ходимлари қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш, чорва боқиш ва пахтанинг қуриган ғўзапояларини йиғиб олиш имкониятидан маҳрум бўлмоқда», - дейилади ҳужжатда.  

 AFL халқаро ижрочи директори Кэти Фейнголддан келтирилган иқтибосга кўра, «Ўзбекистон ўзининг шаклланаётган текстил соҳасига инвестициялар ва фуқароларига иқтисодий имкониятлар қидирар экан, пастлик томон корпоратив пойгага йўл қўймайдиган фаол механизмларни барпо қилишда онгли йўл тутиши керак».

 Ҳисоботда, шунингдек, дунё текстил брендлари қандай мамлакатдан маҳсулотларни олишни исташига ҳам ойдинлик киритилган. Брендлар қатъий мониторинг учун қулай муҳитни ҳамда етказиб бериш занжири стандартларига риоя қилишни таъминлай оладиган кучли мустақил фуқаролик жамиятига эга бўлган мамлакатдан маҳсулотлар олишни истайди. Аммо, афсуски, узоқ вақтдан буён кутилаётган ННТлар фаолиятини тартибга солувчи янги таҳрирдаги Кодекс ишлаб чиқилганича йўқ.

 Шунга биноан, Ўзбекистон ҳукумати 2021 йилда ННТлар Кодексини қайта кўриб чиқиш қадамларини ортга ташламаслиги ҳамда мамлакат инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро меъёрларга риоя қилиши ва халқаро ҳамкорлар, жумладан брендлар ва инвесторларнинг кутилмаларига мувофиқ бўлиши учун мустақил ННТларга рўйхатдан ўтишларига рухсат бериши керак.

Top