23:49 / 02.02.2021
5463
Ўзбекистонга олиб кирилиши тақиқланган 132 минг дона лазерли нур тарқаткичлар ушлаб қолинди

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати сўнгги кунларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Kun.uz'га маълумот берди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Тошкент шаҳар божхоначилари «Чуқурсой техник идора» ва «Чуқурсой» божхона пости ходимлари билан ҳамкорликда пойтахтда фаолият юритувчи жамиятлардан бирининг номига хориждан келтирилган юк контейнерини белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказди.

Натижада, юк-кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, 549 млн сўмлик 277 472 дона хўжалик моллари ҳамда четдан олиб кириш ва сотиш тақиқланган 1 млрд 319 млн сўмлик 132 000 дона лазерлар борлиги аниқланди.

Жами қиймати 1 млрд 869 млн сўмни ташкил этувчи мазкур товар моддий бойликлари ўрнатилган тартибда вақтинча сақловга олинди.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 февралдаги 50-сон қарорига мувофиқ, 2013 йил 1 мартдан бошлаб лазер нурли кўрсаткичлар сифатида фойдаланиладиган портатив лазерли нур тарқаткичларни Ўзбекистонга олиб кириш ва сотиш тақиқланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Салкам 1,4 миллиард сўмлик қинғирлик

Давлат божхона қўмитаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ходимлари томонидан «Чуқурсой» ташқи иқтисодий фаолият божхона постига Фарғона вилоятидаги МЧЖлардан бирининг номига хориждан келтирилган товарларни кўздан кечириш давомида навбатдаги божхона қонунбузилиши ҳолати фош қилинди.

Ўтказилган божхона кўриги давомида қиймати 525 млн 439 минг сўмлик 1428 дона автомобиль шиналари ҳужжатларда умуман кўрсатилмагани аниқланди.

Шунингдек, Тошкент вилоятида фаолият юритувчи МЧЖлардан бирининг номига ҳам ҳужжатларда кўрсатилганидан ортиқча – 1178 дона шина келтирилгани маълум бўлди.

Божхона назоратидан яширилган мазкур товарлар қиймати эса 433 млн 450 минг сўмни ташкил қилди.

Иккита қонунбузарлик ҳолатида аниқланган автомобиль шиналарининг умумий қиймати салкам 1 млрд сўмни ташкил этмоқда.

Яна бир ҳолатда, ўтказилган тадбир давомида хориждан темир йўл контейнерида Андижон вилоятидаги МЧЖлардан бирининг номига келтирилган товарлар билан уларга тегишли ҳужжатларни таққослаш жараёнида асосли шубҳалар юзага келди.

Божхона кўриги давомида эса шубҳалар ўз тасдиғини топди. Контейнерда юк-кузатув ҳужжатларида кўрсатилган айрим товарлар ўрнига божхона тўловлари юқори бўлган ва ҳужжатларда кўрсатилмаган, умумий қиймати 345 миллион сўмлик 2,5 минг дона термос, 18 минг дона тиббий буюмлар, шунингдек, қурилиш материаллари ва бошқа хўжалик моллари борлиги маълум бўлди.

Божхона тўловларидан бўйин товлаган уддабурон

Тошкент шаҳар божхоначилари 3та юк машинасини белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказишди.

Натижада, мазкур транспорт воситалари «Товарлар Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига амалда олиб келиниши пайтигача божхона органларига дастлабки божхона декларациясини тақдим этиш тартиби тўғрисида»ги Низом талабларига зид равишда экология сертификати олинмаган ҳолда расмийлаштирилгани ҳамда божхона тўловларидан берилган имтиёзлар амал қилиш муддати тугагани сабабли божхона тўловларидан 694 млн сўмлик имтиёзлардан нотўғри фойдалангани аниқланди.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона суриштирувлари давом этмоқда.

Top