16:55 / 06.02.2021
2183
Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ваколатлари кенгайтирилди

«Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонунга киритилган бир қатор ўзгаришлар натижасида агентлик ваколатлари кенгайтирилди.  

Шу йилнинг 22 январ куни қабул қилинган қонун билан Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг ваколатлари янада кенгайтирилди.

Бу ҳақда агентлик директорининг биринчи ўринбосари Зокир Бозоров 6 феврал куни АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Зокир Бозоров

Маълум қилинишича, қонун орқали қуйидаги ваколатлар белгиланган:

  • умумий қиймати бир миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг битимлари ва тендер ҳужжатлари келишиб берилади;
  • давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим муваффақиятли расмийлаштирилгани учун агентлик фаолиятига бир марталик тўловлар жорий этилади;
  • давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш доирасида лойиҳалаштириш ишларини бажариш ва хизматлар кўрсатиш мақсадида халқаро молия институтлари, халқаро ва маҳаллий консалтинг ҳамда лойиҳалаштириш ташкилотлари билан консалтинг ва аудиторлик хизматларини кўрсатиш тўғрисида музокаралар олиб бориш ҳамда улар билан ўрнатилган тартибда шартномалар тузишга рухсат берилади.

«Бу орқали давлат хусусий-шериклик лойиҳаларини кенгайтириш ва жадаллаштириш, уларга амалий ёрдам бериш мақсадида агентлик томонидан лойиҳаларнинг молиявий моделларини ишлаб чиқиш учун консултантларни жалб қилиш ва уларни молиялаштириш имконияти яратилди», деди агентлик расмийси.

Қайд этилишича, ушбу қонунга асосан Ўзбекистон ҳудудида хорижий инвесторлар томонидан давлат-хусусий шериклик механизмлари асосида ишлаб чиқариладиган товар, иш, хизматларнинг нархлари чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланишига, лойиҳани амалга оширишда кредиторларнинг иштироки ва уларнинг манфаатлари ҳимояси, маҳаллий ижро этувчи органлар ваколатлари, хусусий шериклар ва кредиторларга қўшимча кафолатлар ва қўллаб-қувватлаш чораларини Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича ёки Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битим орқали расмийлаштирилади.

Шунингдек, қонун билан давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш турлари бўйича тузиладиган ҳар бир битим Молия вазирлиги томонидан имзоланиши алоҳида белгилаб қўйилган.

Top