23:53 / 08.02.2021
2116
Норбоева: Давлат дастурларини шакллантиришда ННТлар иштироки кенгайиши лозим

8 феврал куни «Фаол фуқаролар» умуммиллий фестивали очилиш маросимида сўз олган Сенат раиси Танзила Норбоева фуқаролик жамияти институтларини фаоллашишга чақирди.

Унинг қайд этишича, биринчи навбатда соҳани тартибга солувчи қонунчиликни қайта кўриб чиқиш, бугунги кун талабларига мослаштириш керак.

«Қонунчилигимизда ҳалигача фуқаролик жамияти тушунчасининг ўзи очиб берилмаган», – деди Сeнат раиси.

Норбоеванинг фикрича, фуқаролик жамияти институтларининг моддий-техник базаси ва кадрлар борасида муаммолар бор.

«Улар учун кадрлар тайёрлайдиган институт ҳам йўқ, ҳеч қанақа малака ошириш курслари ҳам йўқ», – деди у.

Сенат раисининг қайд этишича, жамоатчилик назоратини таъминлашда ННТларнинг фаолияти етарли даражада эмас.

«Фаоллик бўлса ҳам, бу республика даражасида. Ҳудудларда фуқаролик жамияти институтлари ривожланганми-йўқми, улар давлат идоралари билан қандай ҳамкорлик қиляпти, деган саволларга ижобий жавоб бера олмаймиз».

Танзила Норбоева ҳар бир давлат идораси қошида жамоатчилик кенгашлари тузишни таклиф қилди. «Ҳозир жамоатчилик кенгашлари саноқли давлат идораларидагина тузилган. Шуни ҳамма қилиши керак», деди сенатор.

Сенат раиси республика ва ҳудудлар миқёсидаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда ННТлар иштирокини кенгайтириш кераклигини қайд этди.

«Дастурларни шакллантиришда жойлардаги фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ қатнашмаяпти. Давлат идоралари, ҳокимликлар, мутасадди ташкилотлар томонидан ишлаб чиқиляпти, фуқаролик жамияти институтлари мутлақо қатнашмаяпти.

Ҳар бир дастурни шакллантиришда ва унинг ижросини мониторинг қилишда, қилинмаган ишларни маҳаллий кенгашлар депутатларига олиб чиқиб, шуларни қилдиришда фуқаролик жамияти институтлари жуда ҳам катта куч бўлиши талаб қилинади», – таъкидлади Танзила Норбоева.

Top