10:48 / 08.02.2021
8306
Сардор Умурзоқов Ислом тараққиёт банки бошқарувчилари гуруҳи раиси этиб сайланди

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Ислом тараққиёт банки (ИТБ) гуруҳининг бошқарувчилар кенгаши раиси этиб сайланди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати маълум қилган.

«Ўзбекистон тарихида биринчи марта Ислом тараққиёт банки (ИТБ) гуруҳи бошқарувчилари кенгаши – Банк олий бошқарув органи раиси этиб Ўзбекистон томонидан бошқарувчи, Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов сайланди», дейилган баёнотда.

Маълумот учун, Ислом тараққиёт банки гуруҳи 1974 йилда Жидда (Саудия Арабистони) шаҳрида ташкил этилган. Гуруҳ Ислом тараққиёт банки, Хусусий секторни ривожлантириш бўйича ислом корпорацияси, Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси, Инвестициялар ва экспорт кредитларини суғурталаш ислом корпорацияси ва Ислом тадқиқот ва таълим институти каби ташкилотларни ўз ичига олади.

Бугунги кунда ИТБ аъзолари таркибига 57та мамлакат киради. Банк фаолиятининг асосий йўналиши иқтисодиётнинг стратегик тармоқларида йирик инфратузилмавий ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни молиялаштиришдир.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг октябрида С.Умурзоқов Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) бошқарувчилари кенгаши раиси ўринбосари этиб сайланганди.

Top