19:36 / 09.02.2021
7150
4 миллиард сўмлик молни ноқонуний олиб кириш учун  божхона ходимига 9400 доллар пора беришга уринган шахс қўлга олинди

Давлат божхона қўмитаси Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар ва Фарғона вилояти божхона бошқармалари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган кўп босқичли тезкор тадбир давомида, давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган божхона тўловларини тўламаслик мақсадида божхона ходимига пора беришга уринган шахс фош этилди.

Бу шахс томонидан муқаддам республикамизга 1 та контейнерда товар-моддий бойликлар олиб кирилганида, маълумотлар ва юклар ўртасидаги тафовутлар сабаб, контейнер Фарғона вилоятидаги манзил божхона постига қадар божхона кузатуви остида етказилади, белгиланган тартибда божхона кўриги ўтказилади ва бу жараёнда 800 млн сўмлик товарлар йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмагани фош бўлади ҳамда белгиланган тартибда божхона тўловлари ундирилади.

Божхона назоратининг бу каби шакллари табиийки, тадбиркорнинг божхона ходимлари кўзини шамғалат қилиш имконини бермасди. Шу боис кейинги гал юкларни олиб киришда ушбу шахс божхона тўловларидан қочишга уриниб, божхона ходимларини йўлдан оғдириш режасини тузади.

2020 йилнинг декабр ойида бу шахс тез кунларда унга тегишли контейнерлар хориждан етиб келишини ва мазкур контейнерларни божхона постига ўрнатилган инспекцион кўрик мажмуаси орқали сканердан ўтказмасликни ҳамда “Хавфни бошқариш тизими”да хавф гуруҳига киритмасликни сўрайди. Акс ҳолда ушбу контейнерлар божхона кўригидан ўтказилиши мумкин эди. Шу сабабли, нотаниш шахс божхона ходимига пора таклиф қилади.

Аммо божхона ходими белгиланган тартибга мувофиқ зудлик билан бу ҳақида ўз раҳбариятини хабардор қилади. Шундан сўнг, пора таклиф қилган шахснинг жиноий ҳаракатларини фош қилишга қаратилган режа-топшириқ ишлаб чиқилади.

2021 йил январ ойининг бошларида “тадбиркор” божхона ходимига жами 9400 АҚШ доллари ва 1 дона қимматбаҳо қўл соатини пора тариқасида беради.

Воқеа жойида тезкор ходимлар томонидан қиймати 4 млрд 160 млн сўмлик 2200 дона болалар, 800 дона катталар, 327 дона турли ўлчамдаги велосипед товарлари, велосипед эҳтиёт қисмлари ва бошқа товарлар, шунингдек, пора тариқасида тақдим қилинган 9400 АҚШ доллари ва 1 дона қўл соати ҳолатга аниқлик киритилгунга қадар ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида вақтинча сақловга олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Top