20:23 / 10.02.2021
1236
2021 йилда 1000дан ортиқ лифтларни янгилаш режалаштирилган - вазирлик

2017-2020 йилларда кўп квартирали уйларни таъмирлаш дастури доирасида уй-жой ширкатларига 3 йиллик муддат билан 1,5 трлн сўм кредит маблағи йўналтирилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Назиржон Назиров маълум қилди.

Республика бўйича 37 минг 402та кўп қаватли уйлар бўлиб, шундан 35 мингга яқини 4 минг 430та уй-жой ширкатлари томонидан бошқарилади. Уларнинг фаолияти ўрганилиб, 1 минг 351таси яхши, 1 минг 903таси ўрта ва 1 минг 176таси оғир ҳолатда экани аниқланди. Оғир ҳолатда деб топилган ширкатларнинг ишлаш тизими бутунлай янги тизимга ўтказилади.

2017 йилда 118та, 2018 йилда 132та, 2019 йилда 134та ва 2020 йилда 149та лифт янгисига алмаштирилди. 2021 йилда 1000дан ортиқ лифтларни янгилаш режалаштирилган.

«2017-2020 йилларда кўп квартирали уйларни таъмирлаш дастури доирасида тижорат банклари томонидан бу ширкатларга 3 йиллик муддат билан 1,5 трлн сўм кредит маблағи йўналтирилди. Жорий йилнинг январ ойи ҳолатига кредит маблағларининг энг кам қайтариш фоиз ставкаси йил сайин ошмоқда. Ўтган йилнинг ўзида 375 млрд кредит маблағлари қайтарилди. Ҳозирда уй-жой ширкатларининг банклардан қарздорлиги 642 млрд сўмни ташкил қилади. Бундан ташқари, 58 млрд муаммоли, яъни қайтмаслиги хавфи бўлган кредитлар мавжуд»,  деган вазир ўринбосари.

Вазирлик томонидан «Обод қишлоқ» ҳамда «Обод маҳалла» дастурлари доирасида 2 минг 136та кўп квартирали уйларнинг таъмирлаш ишларига тижорат банкларидан 121,9 миллиард сўм кредит маблағлари жалб этилган. 1 минг 906та кўп квартирали уйнинг том қисми, 2 минг 271тасининг фасади ва 5 минг 816та кириш йўлаги таъмирланган.

Top