19:32 / 12.02.2021
1365
Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган шахслар сони салкам 600 мингга етди

Ўзбекистонда 597 мингдан ортиқ фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида мобил илова, солиқ тўловчининг шахсий кабинети ҳамда солиқ идораларидан рўйхатдан ўтди. Улар орасида маиший хизмат соҳасида банд бўлган шахслар кўпчиликни ташкил этади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ўзини ўзи банд қилган фуқароларни рўйхатга олиш бўйича статистика эълон қилди.

Қайд этилишича, айни пайтда фуқаролардан мобил илова, солиқ тўловчининг шахсий кабинети ҳамда солиқ идораларининг ўзида жами 597 мингдан ортиқ киши рўйхатдан ўтди.

Хусусан, қишлоқ хўжалиги йўналишида 137 минг 120 киши, маиший хизматлар 172 минг 179 нафар, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш 66 минг 579, саноат йўналишида 99 минг 555, ахборот-коммуникация йўналишида 10 минг 947 ва ижтимоий йўналишлар бўйича хизматлар соҳасида 110 минг 705 киши рўйхатга олинган.

Аввалроқ Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Фазлиддин Умаров Kun.uz’га берган интервьюсида ўзини ўзи банд қилган шахслар ва улар учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берган эди.

Маълум қилинганидек, 2020 йил 1 июлдан Ўзбекистонда ихтиёрий равишда расман ўзини ўзи банд қилиш бошланган. Унга кўра, ўзини ўзи банд қилган шахс ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, 2021 йил учун 223 минг сўм тўлаши етарли бўлиши қонунчиликда белгиланган.

Top