21:02 / 15.02.2021
5092
Ҳукуматнинг протекционистик сиёсати асосий озиқ-овқат товарлари импорти қимматлашишига сабаб бўлиши мумкин — МБ

Хусусий сармояларни рағбатлантириш ва рақобат муҳитини ривожлантиришнинг аҳамияти ортиб бормоқда, дейилади Марказий банк ҳисоботида.

Ўзбекистон Марказий банки 2020 йил IV чораги бўйича эълон қилган пул-кредит сиёсати шарҳида яқин истиқболда кутилаётган бир неча иқтисодий хатарлар ҳақида маълумот берди.

Унга кўра, яқин ойларда иқтисодиётда инфляцияни оширувчи хатарларнинг кучайиш эҳтимоли пастлигича қолмоқда. Шу билан бирга, инфляциянинг бир марталик омилларининг вужудга келиш эҳтимоли ва инфляцион кутилмаларнинг юқори даражада сақланиб қолиши билан боғлиқ хатарлар мавжуд.

Яқин истиқболдаги иқтисодий хатарлар

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши, протекционистик сиёсат, экспортёрлар томонидан асосий озиқ-овқат товарлари экспорти бўйича чеклов чораларининг (квота ва тарифлар) киритилиши асосий озиқ-овқат товарлари импортининг қимматлашишига олиб келиши мумкин.

Шу сабабли, озиқ-овқат бозорлари барқарорлигини ошириш кўп жиҳатдан республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш комплекс стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга боғлиқ бўлади.

Ички бозорни зарурий товарлар ҳажми билан таъминлаш бўйича таъсирчан чораларни кўриш, шу жумладан, базавий озиқ-овқат товарлари импорти географиясини диверсификация қилиш ва концентрациялашувини қисқартириш муҳим аҳамиятга эга.

Ташқи иқтисодий шароитлар нуқтайи назаридан асосий хатарлар

Ташқи иқтисодий хатарлар коронавирусга қарши эмлаш истиқболлари, чекловларнинг давомийлиги, шунингдек, жаҳон иқтисодиёти ва ташқи савдо-ҳамкор мамлакатлар иқтисодиётининг кутилганидан кўра секинроқ тикланиши билан боғлиқ.

Ички иқтисодий хатарлар

Ички хатарлар нуқтайи назаридан, иқтисодиётнинг айрим тармоқларида талаб ва таклифнинг узоқроқ муддатда тикланиши эҳтимолларини келтириш мумкин.

Иқтисодиётнинг тикланиши ва барқарор ўсишини таъминлаш кўп жиҳатдан мамлакатдаги мавжуд ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги даражаси, маҳсулдорлик, техник ва технологик янгиланиш ҳамда қўшилган қиймат яратиш салоҳияти кўрсаткичлари билан белгиланади.

Ушбу кўрсаткичларни яхшилаш жараёни иқтисодиётга хусусий сармояларни рағбатлантиришга қаратилган инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича муҳим чора-тадбирларни амалга оширишни талаб қилади. Шу сабабли хусусий сармояларни рағбатлантириш, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш ва рақобат муҳитини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларнинг аҳамияти ортиб бормоқда.

Умуман олганда, ҳозирги шароитда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳамда юқори барқарор ўсиш суръатларини тиклаш бўйича қўйилган вазифалар кўп жиҳатдан таркибий ислоҳотларни амалга ошириш самарадорлиги ва иқтисодий ўсиш захираларини яратишга боғлиқ.

Қисқа муддатда инфляция даражасига таъсир хатарлари

Марказий банкка кўра, асосий проинфляцион хатар – бу мавсумий омиллар, шунингдек, рақобат шароитлари ва жаҳон озиқ-овқат бозорларининг конъюнктураси сабабли озиқ-овқат нархларининг кўтарилишидир.

Ички бозорларида нарх барқарорлигини сақлаш учун асосий озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилувчи мамлакатлар томонидан маҳсулотларнинг айрим турларини экспорт қилишга чекловлар жорий этиш билан боғлиқ муайян хатарлар ҳам мавжуд.

Иқтисодий тикланиш ва инқирозга қарши чораларни амалга ошириш даврида нарх барқарорлигининг асосий шартларидан бири – талаб ва таклифнинг ўсиши ўртасидаги мувозанатни таъминлашдир.

Шу муносабат билан ички бозорда зарурий товар ва хизматлар ҳажмининг барқарор таъминланиши бўйича чораларни ўз вақтида қабул қилиш муҳим аҳамият касб этади.

Ишлаб чиқарувчиларга энергия етказиб беришдаги узилишлар туфайли ишлаб чиқариш жараёнларининг вақтинчалик тўхташи билан боғлиқ юқори харажатлар айрим тармоқларда нархларнинг ошишига маълум босимни юзага келтириши мумкин.

Чет давлатларда эпидемиологик вазиятнинг оғирлашиши натижасида чеклов чораларининг кучайтирилиши ва маҳсулот етказиб бериш ҳажмининг пасайиши таъсирида, ишлаб чиқариш таъминот занжирларида вақтинча узилишлар, эпидемиологик талабларга риоя қилиш зарурияти натижасида маҳсулот ишлаб чиқариш таннархининг ошиши кузатилиши мумкин.

Пандемия ва иқтисодиётнинг тўлиқ тикланиш даври билан боғлиқ вазиятга оид узоқ муддатли ноаниқликлар истеъмол ва инвестиция кайфиятига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли бор. Бунда талаб томонидан ҳам, таклиф томонидан ҳам шоклар юзага келиши мумкин.

Бундан ташқари, инфляцион кутилмалар жиловланмаган бўлиб, турли омиллар, шу жумладан, бозорларда товарларнинг етарли даражада таъминланмагани таъсирида уларнинг кўтарилиш эҳтимоли юқорилигича қолмоқда, дейилади Марказий банк шарҳида.

Top