21:01 / 15.02.2021
9436
ЖСТга биринчи марта аёл киши раҳбар этиб сайланди

Жаҳон савдо ташкилоти бош директори лавозимига нигериялик иқтисодчи ва халқаро ривожланиш бўйича мутахассис Нгози Оконжо-Ивеала сайланди. Уни бу лавозимга тайинлаш ҳақидаги қарорни ЖСТ бош кенгаши 15 февралда қабул қилди.

Фото: AFP/Getty Images

Эътиборлиси, Оконжо-Ивеала нафақат ушбу лавозимни эгаллайдиган биринчи аёл, балки бу лавозимда Африканинг илк вакили бўлади. Унинг ваколатлари муддати 2021 йил 1 мартда бошланади ва 2025 йил 31 августда ниҳоясига етади.

ЖСТ раҳбари лавозими бразилиялик Роберту Азеведу уни тарк этганидан кейин 2020 йил 31 августдан бўш қолаётганди. Азеведу ушбу лавозимни 2013 йилдан бошлаб эгаллаб келган ва унинг иккинчи 4 йиллик муддати 2021 йил августда поёнига етиши керак эди.

Нгози Оконжо-Ивеала 1954 йилда Нигерияда дунёга келган. 1973 йилда Гарвард университетига ўқишга кириб, уни аъло баҳолар билан тамомлаган. 

Оконжо-Ивеала 25 йил давомида Жаҳон банкида ривожланиш масалалари бўйича иқтисодчи бўлиб ишлаган, сўнгра 2007 йилдан 2011 йилгача унинг бошқарувчи директори бўлган. 

Top