18:30 / 16.02.2021
8536
«Барселона» - «ПСЖ», Клопп Нагельсманнга қарши. ЕЧЛ нимчоракфинал анонси

 Ниҳоят, узоқ кутилган Чемпионлар лигаси ҳал қилувчи босқич ўйинлари бошланмоқда. Бугун, 16 февраль, сешанба оқшомида Европада клублар ўртасидаги энг нуфузли турнирнинг 1/8 финал босқич баҳсларига старт берилади. Дастлабки кунги учрашувлар рўйхатидан «Барселона» - «ПСЖ» ҳамда «Лейпциг» - «Ливерпуль» қарама-қаршиликлари ўрин олган.

Неймарсиз «ПСЖ» «Камп Ноу»да меҳмон

Роппа-роса тўрт йил аввал «ПСЖ» Чемпионлар лигаси нимчоракфиналида «Барселона»га қарши майдонга тушиб, Парижда 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган, Каталонияда эса 1:6 ҳисобидаги қақшатқич зарбани қабул қилиб олганди. Ўша баҳсда дублга эришган Неймар ёзда «Барселона»дан парижликлар сафига бориб қўшилганди. Ўшандан буён Неймар собиқ жамоасига қарши майдонга туша олмаяпти – бу сафарги баҳс олдидан ҳам бразилиялик форвард жароҳат сабабли Месси етакчилигидаги жамоага қарши ўйнай олмайди.

 Маурисио Почеттино қўл остидаги «ПСЖ» ЕЧЛдаги дастлабки ўйинида Неймарсиз «Камп Ноу»даги 4 йил аввалги аламли мағлубият учун реванш олишга интилиши аниқ. Таркибда Неймар бўлмаса-да, 2017 йил «Монако» билан яримфиналга қадар етиб борган Килиан Мбаппе бор.

Муҳим баҳс олдидан Роналд Куманни жароҳатдан энди қайтган Брейтвейт ва Пикенинг жисмоний ҳолати ўйлантириши мумкин. Қолаверса, Коутиньо, Серхи Роберто, Фати, Араухо сафда йўқ. Почеттинода ҳам муаммолар етарлича. Неймардан ташқари, яримҳимоячи Ди Мария ва ҳужумкор ҳимоячи Бернат ҳам ёрдам бера олмайди.

16 февраль (сешанба)
ЕЧЛ. 1/8 финал. Дастлабки учрашув
«Барселона» - «Пари Сен-Жермен»
Ўйин бошланиш вақти: 01:00
ТВ-трансляция: FutbolTV

Тахминий таркиблар:
«Барселона»:
тер Стеген; Дест, Мингеса, Лангле, Альба; де Йонг, Бускетс, Педри; Месси, Гризманн, Дембеле
Ўйнамайди: Коутиньо (жароҳат), Серхи Роберто (жароҳат), Фати (жароҳат), Араухо (жароҳат)
Сўроқ остида: Пике, Брейтвейт
«ПСЖ»: Навас; Флоренци, Маркиньос, Кимпембе, Кюрзава; Гуэй, Верратти, Паредес; Кен, Икарди, Мбаппе
Ўйнамайди: Бернат (жароҳат), Неймар (жароҳат), Ди Мария (жароҳат), Дагба (жароҳат), Пембеле (жароҳат)
Карточка туфайли жавоб учрашувини ўтказиб юбориши мумкин: Передес, Верратти

Клопп Нагельсманнга қарши

«У улкан иқтидор эгаси», - деганди Юрген Клопп уч йил аввал Юлиан Нагельсманн ҳақида «Ливерпуль» - «Ҳоффенҳайм» ўртасидаги плей-офф учрашувидан кейин. Унинг фикри ҳалигача ўзгаргани йўқ. 2017/18 йилги мавсумда мерсисайдлар Юлианнинг «Ҳоффенҳайм» жамоасини мағлуб этишганди, аммо ўтган мавсум яримфиналчиси саналмиш «Лейпциг» - бошқа савиядаги жамоа. Бу клуб гуруҳ босқичи сўнгги турида «МЮ»дан плей-офф йўлланмасини қандай тортиб олганини барча яхши эсласа керак.

Қолаверса, «Лейпциг» айни дамда «Ливерпуль»дан яхшироқ спорт формасида. Нагельсманн клуби сўнгги тўрт ўйинида 4та ғалабага эришиб, Бундеслигада 1-ўриндаги «Бавария»ни таъқиб этишда давом этаётган бўлса, Клопп жамоаси охирги 4 ўйиндан 3тасида мағлубиятга учраб, Премьер-лигада 6-ўринга тушиб кетди. Шундай экан, Венгрия пойтахти Будапештдаги «Пушкаш-арена»га кўчирилган ўйин олдидан Юлиандан кўра Юрганнинг муаммолари талайгина эканлиги кўриниб турибди. Буни тахминий таркибда клубларнинг вазиятидан ҳам билиб олиш мумкин.

16 февраль (сешанба)
«Лейпциг» - «Ливерпуль»
Ўйин бошланиш вақти: 01:00
ТВ-трансляция: UzReportTV

Тахминий таркиблар:
«Лейпциг»:
Гулачи; Клостерманн, Орбан, Упамекано; Мюкиле, Забитцер, Кампл, Анхелиньо; Нкунку, Ольмо; Поульсен
Ўйнамайди: Форсберг (жароҳат), Лаймер (жароҳат), Собослаи (жароҳат)
Сўроқ остида: Ҳенрихс (жароҳат)
«Ливерпуль»: Алиссон; Александер-Арнолд, Қобоқ, Ҳендерсон, Робертсон; Тьяго Алькантара, Вейналдум, Жонс; Салоҳ, Фирмино, Мане
Ўйнамайди: Милнер (жароҳат), Матип (жароҳат), Кейта (жароҳат), Жота (жароҳат), Гомес (жароҳат), ван Дейк (жароҳат)
Сўроқ остида: Фабиньо (жароҳат), Дэвис (жароҳат), Келлехер (жароҳат), Ориги (жароҳат)
Карточка туфайли жавоб учрашувини ўтказиб юбориши мумкин: Ҳенрихс, Клюйверт, Конате, Забитцер – Милнер, Вейналдум. 

Top