08:38 / 17.02.2021
9261
Миср президенти мамлакатда туғиш суръатларини қисқартиришни талаб қилди 

Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий мамлакатда туғиш суръатлари юқорилигини асосий муаммолардан бири деб атади ва бир оилага икки фарзанд билан чекланишга чақирди. У бу ҳақда Исмоилия вилоятидаги тиббий объектлар очилиши маросимида айтиб ўтди.

“Бир оилага 2 нафардан кўпроқ фарзанд – бу катта муаммо ва ҳар бир одамга аҳоли сонининг тез ўсиши хавфли эканини етказиш зарур”, деб айтган ас-Сисий. Шу билан бирга, унинг айтишича, ҳукумат ушбу муаммони қатъий қонун ва чекловлар билан ҳал қилиш ниятида эмас. 

“Сиз боқа олмайдиган ва ишга жойлай олмайдиган боланинг сизга нима кераги бор? Натижада уларнинг 50 фоизи харобаларда яшамоқда”, деб ўз сўзларини давом эттирган Миср раҳбари.

Унинг айтишича, аҳоли сони ўсиши мавжуд захираларга мос келиши лозим, унинг кескин ўсиши эса иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатади. 

Миср президентининг таъкидлашича, аҳолининг кўпайиб кетиши – бу миллий хавфсизлик масаласидир. Унинг айтишича, агар вазият ўзгармаса ва йиллик туғилиш даражаси 2,4 млн кишидан 400 минг кишигача камаймаса, фуқаролар турмуш тарзини яхшилашга қаратилган лойиҳаларнинг таъсирини сезмайдилар. 

“Аҳоли ўсиши масаласи назорат остига олинмагунча, одамлар турмуш тарзлари яхшиланаётганини сезмайдилар”, деб қўшимча қилган ас-Сисий. 

Маълумотларга кўра, Мисрда ҳар йил 2 млнга яқин бола дунёга келади. Миср президентининг таъкидлашича, 100 млнлик аҳолини таъминлаш учун Мисрга ҳар йил 1 трлн доллар талаб этилади, мамлакат ялпи ички маҳсулоти эса 250 млрд долларни ташкил қилади. 

Ҳар доим Мисрнинг асосий бойлиги унинг аҳолиси эканини таъкидлаб келган ас-Сисий илк бор аҳоли кўплиги муаммосини овоза қилди. Ушбу муаммони Мисрда анча йиллардан бери ҳал қилишга уриниб келинмоқда.  

Миср пойтахти Қоҳирада аҳолининг ўрта ва юқори синфдаги қатлами орасида оилада 3 нафардан кўпроқ фарзандга эга бўлиш қабул қилинмаган. Бироқ қишлоқ ҳудудларида оилалардаги фарзандлар сони ҳеч нарса билан чекланмаган.

Ҳозирда Миср аҳоли сони бўйича дунёда 14-ўринни эгалламоқда. Айни вақтда мамлакатда 103 млндан кўпроқ одам яшайди. Улардан 20 млнга яқини саводсиз ҳисобланади. Миср ҳудудининг 96 фоизи чўл ва яшаш учун унча яроқли бўлмаган ҳудудни ташкил қилади, шу сабабли аҳолининг асосий қисми қолган 4 фоиз ҳудудда, асосан Нил дельтаси атрофида яшайди.   

Top