01:18 / 22.02.2021
5819
АҚШ маъмурияти ЖССТ ва ХХРни COVID-19 пайдо бўлишининг сабабларини фаол текширишга чақирди
Фото: Reuters

АҚШ миллий хавфсизлик бўйича президент ёрдамчиси Жейк Салливаннинг маълум қилишича, Оқ уй Хитойни коронавирус келиб чиқиши сабабларини ўрганиш борасида етарли даражада очиқ эмас деб ҳисоблайди. Бу ҳақда CBS ахборот агентлиги хабар берди.

Таъкидланишича, АҚШ ЖССТ ҳамда Хитойни ушбу масалада фаолроқ бўлишга чақирмоқда.

"Бизнинг Хитойга саволларимиз бор, сабаби пандемиянинг Хитойда ва кейин бутун дунёга қандай тарқала бошлагани тўғрисида Хитой етарли маълумот берганига ишонмаймиз", деди Салливан.

Шунингдек, у ЖССТ коронавирус инфекциясининг аслида қаердан келиб чиққанлигини аниқлаш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошириши кераклиги ҳақида фикр билдирди.

АҚШ президентининг ёрдамчиси дунёга "ишончли, очиқ, ошкора халқаро тергов" кераклигини таъкидлади.

Аввалроқ ЖССТ COVID-19’ни Хитойга четдан олиб кириш версияси эҳтимолдан йироқлигини айтганди.

2019 йил 31 декабрда Хитой ҳукумати Уҳан шаҳрида пневмония тарқалаётганини эълон қилди. Касалликнинг қўзғатувчиси коронавируснинг янги тури бўлиб, унга COVID-19 расмий номи берилган. 11 март куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) янги коронавируснинг тарқалишини пандемия деб эълон қилди.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top