11:33 / 22.02.2021
3255
Тожикистон аҳолига хизмат кўрсатиш тизимини ислоҳ қилишда Ўзбекистон тажрибасидан фойдаланмоқчи – ДХА

Тожикистонда аҳолига хизмат кўрсатиш тизими ислоҳ этилиши кутилмоқда. Қўшниларимиз бу борада Ўзбекистон тажрибасидан фойдаланишни мақсад қилишган.

Фото : Давлат хизматлари агентлиги

Давлат хизматлари агентлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, айни шу мақсадда юртимизга ташриф буюрган Тожикистон делегацияси Тошкент шаҳридаги Чилонзор туманида давлат хизматлари марказида замонавий технологиялар орқали тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси билан танишган.

Давлат хизматлари агентлиги директори Улуғбек Муҳаммадиев «Тожикинвест» ДУК ижрочи директори Жавоҳирлар Музаффарий ҳамда Тожикистон Республикаси Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Исфандиёр Яздонзодани Чилонзор тумани давлат хизматлари марказида аҳоли ва тадбиркорлар учун яратилган шароитлар, давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизими билан таништирган.

Тожикистон делегацияси Ўзбекистонда аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар эътироф этишган. Меҳмонлар Тожикистонда ҳам бу борада ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги ҳамда мамлакатимизнинг тажрибасини ўрганиш аҳамиятли эканини таъкидлашган.

Тожикистонликлар юртимизда аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини кенг тарғиб қилиш, олис ҳудудларда филиаллар фаолиятини йўлга қўйиш, ахборот технологияларини жорий этиш, соҳада қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти, халқаро ҳамкорлик, давлат хизматларини жорий этиш ва ривожлантириш масалалари, тизимни такомиллаштиришда дуч келиниши мумкин бўлган муаммолар ҳамда уларнинг ечими ҳақидаги саволларига атрофлича жавоб олишган.

Top