19:02 / 23.02.2021
5224
«Атлетико» – «Челси», Иммобиле Левандовскига қарши. ЕЧЛ 1/8 финал ўйинлари олдидан

Бугун, 23 февраль сешанба оқшомида Чемпионлар лигаси 1/8 финал босқичидан ўрин олган яна икки учрашув ўтказилади. Томас Тухель «Челси» бош мураббийи сифатида турнирдаги дебютини Ла Лига пешқадамига қарши ўтказса, яна бир жуфтликда тўпурарлар - Роберт Левандовски - Чиро Иммобиле дуэлига гувоҳ бўламиз.

«Челси» тўрт йил аввалги натижасини такрорлай оладими?

Томас Тухель «Пари Сен-Жермен»ни 1/8 финалга олиб чиққан бўлса-да, орадан икки ой ўтиб 1/8 финал босқичида «Челси»ни бош мураббий сифатида майдонга бошлаб тушади. Немис мутахассиси бошқарувидаги жамоани «Атлетико»га қарши жуда қийин икки ўйин кутиб турибди. Диего Симеоне бошчилигидаги мадридликлар ЕЧЛ доирасида уй стадиони «Метрополитано»да меҳмонларга меҳмоннавозлик кўрсатадиган клуб эмас - «ҳиндулар» сўнгги 29 ўйинда бор-йўғи битта мағлубиятга учраган. Қизиғи, ўша мағлубият айнан «Челси» томонидан қабул қилиб олинган. Лондон клуби 2017/18 йилги мавсумда «Атлетико» майдонидан 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтганди. «Аристократлар» турнир доирасидаги сўнгги сафар ўйинида ҳам Испаниянинг «Севилья» клубини йирик 4:0 ҳисобида таслим қилган. Бироқ қайд этиш жоиз, бу сафарги баҳс Испания эмас, Руминия пойтахти Бухарестдаги «Насиональ» стадионига кўчирилган. Симеоне жамоаси расмий мезбонликдаги ўйинида 4 йиллик мағлубиятсиз анъанасини давом эттира олармикан ёки «Челси» 4 йил аввалги натижасини такрорлайдими?

ЕЧЛ. 1/8 финал. Дастлабки учрашув

23 февраль (сешанба)

«Атлетико» - «Челси»

Ўйин бошланиш вақти: 01:00

ТВ-трансляция: UzReportTV

«Атлетико»: Облак; Льоренте, Савич, Фелипе, Эрмосо, Лоди; Коке, Кондогбиа, Сауль; Феликс, Суарес

Ўйнамайди: Триппьер (дисквалификация), Эррера (жароҳат), Хименес (жароҳат), Карраско (жароҳат), Врсалько (жароҳат)

«Челси»: Менди; Аспиликуэта, Зума, Рюдигер; Жеймс, Канте, Ковачич, Алонсо; Маунт, Жиру, Вернер

Ўйнамайди: Тьяго Силва (жароҳат)

Сўроқ остида: Абраҳам (жароҳат)

Иммобиле – Левандовски дуэли

Оқшомнинг яна бир тўқнашуви Иммобиле ва Левандовски етакчилигидаги «Лацио» ҳамда «Бавария» ўртасида кузатилади. Якунланган мавсумда Левандовски «Олтин тўп»дан бошқа деярли ҳамма совринларни ютиб олди. Аммо Европа миллий чемпионатларининг энг яхши тўпурарига топшириладиган «Олтин бутса» Иммобилега насиб қилганди. Бу йил италиялик голеадор ички турнирларда польшалик форварднинг сермаҳсуллигини такрорлай олмаётган бўлса-да, Чемпионлар лигасида 5та гол киритиб, Левандовскидан (3та гол) яхшироқ натижа қайд этмоқда. Икки ҳужумчининг дуэлида қайси бири ўйин тақдирини ҳал эта олиши мумкинлигини бугун Римдаги «Олимпико» ўйингоҳида кўрамиз.

23 февраль (сешанба)

«Лацио» - «Бавария»

Ўйин бошланиш вақти: 01:00

ТВ-трансляция: UzReportTV

«Лацио»: Рейна; Патрик, Ачерби, Музаккьо; Лаццари, Милинкович-Савич, Лукас Лейва, Луис Альберто, Марушич; Корреа, Иммобиле

Ўйнамайди: Раду (жароҳат), Луис Фелипе (жароҳат)

Сўроқ остида: Стракоша (жароҳат)

«Бавария»: Нойер; Зюле, Боатенг, Алаба, Дэвис; Киммих, Рока; Сане, Горецка, Коман; Левандовски

Ўйнамайди: Павар (жароҳат), Мюллер (жароҳат), Толиссо (жароҳат), Гнабри (жароҳат), Коста (жароҳат), Нюбель (жароҳат), Ньянзу (жароҳат).

Top