Мудофаа вазири Хулуси Акарнинг сўзларига кўра, Туркиядаги С-400 унга ҳужум қилмайдиганларга таҳдид солмайди.

Туркия Россиядан сотиб олинган С-400 зенит-ракета тизимларидан фақат хавф пайдо бўлгандагина фойдаланади. Бу ҳақда мамлакат миллий мудофаа вазири Хулуси Акар маълум қилди.
"Туркия С-400ни фақат таҳдид ва хавф пайдо бўлганида ишга туширади. Туркиядаги С-400 унга ҳужум қилмайдиганларга таҳдид солмайди", - деди у.
Бундан ташқари, Акар АҚШнинг С-400 сабабли Туркияга нисбатан қатор чекловлар киритиши "альянс руҳи"га мос келмаслигини айтди.
Хулуси Акар, шунингдек, Туркия С-400 тизимларидан НАТО тизимидан мустақил равишда фойдаланишини билдирди.
Россия ва Туркия 2017 йилда Анқарага С-400 тизимларини етказиб бериш бўйича шартнома тузганди. Туркиянинг Россия зенит-ракета тизимларини сотиб олиши АҚШ ва альянснинг кескин норозиликларига сабаб бўлди. Вашингтон Анқарани бешинчи авлод F-35 қирувчи самолётларини ишлаб чиқариш дастуридан чиқариб ташлади.