15:07 / 27.02.2021
5453
Байден Ар-Риёдни инсон ҳуқуқлари бузилганлиги учун жавобгарликка тортмоқчи эканлигини айтди

АҚШ президенти Жо Байден Саудия Арабистони қироли Салмонни "инсон ҳуқуқлари бузилганлиги сабабли" Ар-Риёдни жавобгарликка тортиши тўғрисида огоҳлантирганлигини айтди.

Фото: AP

"Кеча валиаҳд шаҳзода билан эмас, қирол билан гаплашдим. Унга қоидалар ўзгараётганини ҳамда бугун ва душанба куни сезиларли ўзгаришлар тўғрисида эълон қилишимизни тушунтирдим. Уларни инсон ҳуқуқлари бузилганлиги учун жавобгарликка тортмоқчимиз", - деди Байден Univision медиакомпаниясига берган интервьюсида.

"Агар Ар-Риёд биз билан иш олиб бормоқчи бўлса, инсон ҳуқуқларига риоя қилиши керак", - дея қўшимча қилди АҚШ президенти.

 CNN телеканалининг хабар беришича, АҚШ миллий разведка директори бошқармаси Туркияда журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши операциясини Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси шахсан маъқуллаган деб тахмин қилмоқда.

"Бизнинг баҳомизга кўра, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон Истанбулда саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг қўлга олиниши ёки ўлдирилиши бўйича операцияни маъқуллаган", - дейилади АҚШ разведка хизматининг конгрессга тақдим этилган ҳисоботида.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен жума куни Вашингтон фикрига кўра журналистнинг ўлдирилишига алоқадор деб ҳисобланган 76 нафар Саудия Арабистони фуқаросига нисбатан виза чекловлари жорий этилганлигини эълон қилди.

Расмий Ар-Риёднинг сиёсати ҳақидаги танқидий мақолалари билан маълум бўлган журналист Жамол Қошиқчи АҚШда яшаган ва The Washington Post нашри билан ҳамкорлик қилган. У 2018 йил 2 октябрда Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консулхонасига ташрифи вақтида изсиз йўқолган. 20 октябрда эса Саудия Арабистони расмийлари Қошиқчи консулхонада чиққан низо вақтида ўлдирилганини маълум қилган.

Top