00:02 / 02.03.2021
3923
Мянманинг ҳарбий ҳукумати 19та давлатдан 100 нафар дипломатини чақиртириб олди
Фото: Reuters

Мянмада ҳокимиятни эгаллаб олган ҳарбийлар 19та давлатдаги элчихоналаридан 100 нафар дипломатни ортга чақиртириб олди. Бунга эса Мянманинг БМТдаги доимий вакили Чжо Мо Тун БМТнинг Ню-Йоркдаги бош қароргоҳи минбаридан Мянманинг янги ҳукумати билан алоқани узганини айтгани сабаб бўлган. 

Чжо Мо Тун, шунингдек, дунё халқлари ва давлатларини Мянмада ҳарбийлар томонидан ҳокимиятнинг эгаллаб олинишига қарши чиқишга чақирган.

Дипломатларнинг ортга чақиртириб олиниши ҳақида Irrawaddy интернет-портали хабар берди. Нашр бунда Мянма ташқи ишлар вазирлигининг буйруғига таянмоқда.

Ҳужжатга кўра, Мянманинг ҳарбий ҳукумати АҚШ, Британия, Австрия, Италия, Бразилия, Франция, Норвегия, Белгия, Сербия, Хитой, Япония, Ҳиндистон, Сингапур, Таиланд, Ҳонгконг, Индонезия, Камбожа, Жанубий Корея ва Филиппиндаги элчихоналаридан дипломатларини чақиртириб олган.

Шу билан бирга, Мянма ташқи ишлар вазирлигининг пойтахт Нейпидода ишловчи 50га яқин ходими чақиртириб олинган ҳамкасблари ўрнини эгаллаш учун юқорида тилга олинган давлатларга жўнатилади. 

Мянманинг БМТдаги вакили Чжо Мо Тун ҳарбийлар томонидан эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган ва давлатга хиёнатда айбланган. Чжо Мо Туннинг БМТдаги чиқишидан кейин хорижда ишловчи кўплаб мянмалик дипломатлар Мянмада ҳарбийларнинг ҳокимиятни эгаллаб олганига қарши бир ойдан бери давом этаётган бўйсунмаслик кампаниясига қўшилиш ва янги ҳукуматга ишламаслик томон оға бошлаган.

Top