16:05 / 03.03.2021
10301
ССВ: Ўзбекистонда коронавирус статистикасида рақамлар яширилмаган

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ статистика рақамлари шубҳа остига олинган маълумотлар бўйича муносабат билдирди.

«Шу кунларда ижтимоий тармоқларда дунёдаги бир қатор давлатларда коронавирус билан боғлиқ статистика рақамлари шубҳа остига олинаётгани ҳақидаги турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда.

Унда жаҳондаги айрим мамлакатларда, жумладан, юртимизда ҳам Covid-19’дан вафот этганлар сони расмий маълумотга нисбатан кўп эканлиги хусусида айтилган.

Мамлакатимизда коронавирус билан касалланиш ҳолати илк бор кузатилишидан (2020 йилнинг 15 мартидан) қарийб икки ой аввал давлат раҳбарининг алоҳида фармойиши билан Республика махсус комиссияси тузилди.

Касаллик тарқалишининг олдини олиш учун ҳар қандай ҳолатга шай туриш мақсадида бутун мамлакат бўйлаб «тиббий сафарбарлик» бошланди. Кейинги қадамлар касаллик профилактикаси, унинг мамлакат бўйлаб тарқалишини чеклаш, беморларни алоҳидаланган режимда даволаш бўйича бўлди.

Соҳанинг энг тажрибали олим ва шифокорлари иштирокида коронавирусни даволаш бўйича ишлаб чиқилган протоколлар, қисқа муддатларда барпо этилган тиббиёт муассасалари, касалликда гумонланганларни вақтинчалик сақлаш учун карантин зоналари самарали фаолият юритгани ҳамда тиббиёт ходимларининг фидойилиги натижасида ушбу оғир даврни катта йўқотишларсиз ўтказмоқдамиз.

Пандемиянинг илк кунларидан бошланган оқилона сиёсат натижасида бутун бошқарув тизими ва барча тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Қисқа муддатда барча шароитларга эга бўлган қарийб 30 минг ўринли даволаш масканлари ташкил этилди. Жумладан, Тошкент вилояти Зангиота туманида юқумли касалликларга ихтисослашган 4 минг беморга мўлжалланган замонавий тиббиёт комплекслар қуриб битказилди, барча ҳудудларда Саралаш ва тақсимлаш марказлари ташкил этилди. Улар коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун зарур дори-дармон ва энг замонавий диагностика воситалари билан таъминланди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Шунингдек, республикада 2020 йил август ойидан бошлаб «Ремдесивир» препаратини ишлаб чиқариш бошланиб, ўпкаси 20 фоиз зарарланган беморларга уни текинга қилишни йўлга қўйилгани, 2020 йилнинг октябр-декабр ойларида 1,2 миллион нафар ижтимоий соҳа ходимлари, яъни тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар ва мактабгача таълим муассасалари ходимлари гриппга қарши давлат маблағлари ҳисобидан эмлангани қайд этиб ўтилган.

Бундан ташқари, бирламчи тизим тиббиёт муассасалари орқали коронавирус инфекциясига қарши 2 миллиондан ортиқ дорилар жамланмаси бўлган «Ковидбокс»лар аҳолига бепул тарқатилди. Пандемияга қарши курашиш учун республиканинг 200 минг нафардан зиёд тиббиёт ходимлари, шу билан бирга, Россия, Хитой, Жанубий Корея, Германия, Туркия каби мамлакатларнинг 150 нафар юқори малакали шифокор ва мутахассислари жалб этилди.

Дунё бўйлаб вирус тарқалиши оқибатида мамлакатлараро чегаралар ёпиқ бўлишига қарамасдан, 2020 йилнинг ўзида хориждан 600 минг нафардан ортиқ ватандошларимиз юртимизга олиб келинди.

«Шу каби қилинган тизимли чора-тадбирлар натижасида касаллик тарқалишининг олдини олишга эришилди ва даволанишга муҳтож бўлган ҳар бир Ўзбекистон фуқаросига тузалиш имконияти яратилди. Шунга қарамай, коронавирус пандемияси олдини олишга қаратилган тизимли ишдан бехабар бўлган айрим хорижий журналистлар томонидан мамлакатимиздаги расмий статистикага шубҳа остида қаралиши кишини таажжубга солади.

Энг аввало, коронавирус билан боғлиқ статистикага фақат махсус лаборатор тиббий текширувлар орқали касаллиги тасдиқланган беморлар киритилади. Касалликнинг айрим симптомлари мавжуд бўлиб, лекин инфекция тасдиқланмаган, шунингдек, пневмонияга чалинган ёки унга гумон қилинган беморлар умумий расмий статистикада ҳисобга олинмайди.

Ҳозирда ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланса, улар дарҳол расмий статистикада қайд этилиб, юқумли касалликлар шифохоналарига йўналтирилмоқда. Бугунги кунда республика бўйича коронавирус инфекцияси аниқланаётганлар ўртача 30 нафардан ошмаяпти», дейилади раддияда.

Вазирлик вафот этганларни расмий статистикада қайд этиш бўйича етакчи мутахассис, Республика патологик анатомия маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Ражаббой Исроиловнинг фикрларини келтирган.

«Ўлим ҳолатларини қайд этишнинг ҳам ўз қонун-қоидалари бор. Бирор фуқарони коронавирусдан вафот этди, деб қайд этиш аниқ тасдиқловчи бир қанча текширувларга асосланади. Биринчидан, тиббиётда ўлимни қайд этишнинг умумжаҳон қабул қилинган қоидалари бор. Бунда, клиник симптомлар, таҳлил натижалари, яъни Полимер занжирли реакция таҳлили тасдиқлангандан сўнг бемор касаллик натижасида вафот этса, ундан кейинги патологоанатомик текширувда ҳам ушбу ташхис ўз тасдиғини топиши керак.

Аксарият ҳолларда эса, патоморфологик текширув натижасида бемор коронавирусдан ўлмаганини аниқлаш мумкин. Бундай ҳолатларда содир бўлган ўлим коронавирус инфекциясидан вафот этганларнинг расмий статистикасига киритилмайди.

Шунингдек, айтиб ўтишимиз жоизки, 2020 йилда хорижий юртлардан меҳнат муҳожирлигида юриб, вафот этган ватандошларимизнинг 1629та жасади олиб келинди. Бу кўрсаткич ҳам Ўзбекистоннинг 2020 йилдаги ўлимлар статистикасига киради, лекин Covid-19 статистикасига кирмайди.

Иккинчидан, коронавирус беморни бевосита ўлимига сабаб бўлмай, балки бемор сурункали бошқа ёндош касалликлари оқибатида нобуд бўлиши ҳам мумкин. Бу борада ҳам якуний ҳужжат патологоанатом хулосасига асосан берилади», дейди мутахассис.

Вазирлик матбуот хизмати қайд этишича, айни пайтда Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси туфайли вафот этганлар сони 622тани ташкил қилиб, мазкур ўлим ҳолатлари махсус лаборатория ҳамда патологоанатомик текширувида ҳам тасдиғини топгандан сўнг қайд этилган.

«Хулоса қилганда, вазирликка беморлар сонини ҳамда ушбу инфекциядан вафот этганлар кўрсаткичини яширишидан ҳеч қандай наф йўқ. Мамлакатимизда ҳар бир бемор сонига кўра етарли даражада ресурс ажратилган. Шундай экан, бундай мураккаб вазиятда ўзаро ишонч асосида ишлаш муҳим ҳисобланади.

Дунёда бу борада тўпланган тажриба кучли ва самарали бошқарув тизимига эга бўлган давлатлар пандемия хавфини ўз вақтида ва бир ёқадан бош чиқариб, бартараф этишга ва бу курашда енгиб чиқишга қодир эканлигини кўрсатмоқда. Буни Ўзбекистоннинг пандемия давридаги кураш тажрибаси ҳам исботлаб турибди», дея якунланади ССВ раддияси.

  • ССВ расмий статистикасига кўра, 3 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони расман 80 мингдан ошди. Ўзбекистонда коронавирусдан касалланганлар сони 70 мингдан ошиши 2020 йилнинг 14 ноябрида қайд этилганди.
  • Вазирликнинг қўшимча қилишича, 3 март ҳолатига кўра шу вақтгача тасдиқланган беморларнинг 78 549 нафари (98 фоизи) соғайган, айни пайтда тиббиёт муассасаларида 835 нафар бемор даволанмоқда, улардан 146 нафари оғир, 27 нафари эса ўта оғир аҳволда.

 

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top