10:29 / 03.03.2021
4511
“Тузалиб кетиши учун қўлимда кўтариб юришга тайёрман” – фарзанди саратон бўлган ота умиди 

14 ёшли Ойбек 1 йил олдин ўртоқлари қаторида чопқиллаб, компьютер курсларига қатнаб, укаларимиз, фарзандларимиз қатори юрганди. Ўтган йилнинг май ойларида Ойбекнинг бошида тўсатдан кучли оғриқлар бошланди. Тинимсиз оғриқларга ҳеч қандай дори таъсир қилмади, шифокорлар қатор текширувлардан кейин жуда мураккаб ташхис қўйишди.  

Ўғлида жиддий касаллик бўлмаслигига умид қилган ота-она Ойбекни МРТ текширувига олиб боради ва бола миясида ўсимта борлиги, у саратон бўлгани маълум бўлади. Болани май ойининг охирларида Республика Нейрожарроҳлик марказида операция қилишади. Aммо операциядан кейин Ойбекнинг кўзи заиф кўрадиган, бир қўли эса фалаж бўлиб қолади. Ҳозир у бировнинг ёрдамисиз юра олмайди.  

Шифокорлар Ойбекнинг тузалиб кетиши, олдинги ҳаётига қайтиши учун миядаги ўсимта сўрилиб кетиши кераклигини айтган. Бироқ ҳозиргача ўсимтани тўхтатиш учун Ўзбекистонда қилинган кимётерапиялар Ойбекка айтарли фойда бермаяпти. Бу муолажалардан кейин у 1 ҳафтагача кўролмайдиган бўлиб қоляпти. Шифокорларнинг айтишича, ўсимта ўсишини тўхтатиб қўйиш мумкин.  

Бу муолажани Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги онкология мутахассисларида бажариш имконияти бор. Ўсимта ўсишдан тўхташи учун Ойбек Россияда 2 ойлик муолажа олиши керак. Даволаниш нархлари тахминан 2,5 миллион рублга тўғри келади. Бундан ташқари, Россияга бориш ва у ерда яшаш харажатлари ҳам бор.  

“Бош мия операция қилингандан кейин, киши қандай ёшда бўлишидан қатъи назар, чақалоққа айланиб қоларкан. Операциядан кейин боламни ўзим қўлимда кўтариб юрдим. Оёғи ерни ҳис қилиши учун худди чақалоқни тарбиялагандек, қарадим. Тузалиб кетиши учун фарзандимни умримнинг охиригача қўлимда кўтариб юришга тайёрман”, – дейди ўғли соғайишини истаб Ойбекнинг дадаси Фаррух.

Ойбек дастурчи бўлишни, ота-онаси билан кўп суҳбат қилишни, ўртоқларининг сафига тезроқ қўшилишни истайди. Aллоҳ хоҳиши ва сизнинг ёрдамингиз билан Ойбек орзуларига эришса, Aллоҳ сизлардан рози бўлсин. 

Ойбек Раҳмонбердиевга оид маълумотлар:

UzCard: 8600330422243889 (отаси Фаррух Мақсудов номида)

UzCard: 8600041744888448 (отаси Фаррух Мақсудов номида)

Визакард: 4187800030468201 (отаси Фаррух Мақсудов номида)

Телефон рақами: +998 97 7287887 

Зуҳра Абдуҳалимова, тасвирчи Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top