21:10 / 03.03.2021
5324
Украина бутун мамлакат бўйлаб бир хил вақт тизимига ўтмоқда

Украина Юқори радаси биринчи ўқишда мамлакатнинг қишки ва ёзги вақт тизимига ўтишини бекор қилувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Қонун амалга кирганидан сўнг Украинада бир хил – Киев вақти амалда бўлади. Киев вақти бутунжаҳон бўйлаб таққос сифатида қилиб қабул қилинган Гринвич вақтидан +2 соат фарқ билан юради.

Фото: FPV

Ўзгаришга кўра, энди Донбассда ҳам Киев вақти амалда бўлади: «Вақт тизимининг бир хил бўлиши вақтинча эгаллаб олинган ҳудудларни қайтиб олишда қулайлик туғдиради», дейилади қонун лойиҳасига берилган изоҳда. Қонун лойиҳасининг ижодкори «Слуга народа» партияси аъзоси, парламент вице-спикери Руслан Стефанчук ҳисобланади. Унинг фикрича, бу қонун Украинанинг Россия таъсиридан чиқишига ёрдам беради.

Стефанчукнинг айтишича, қишки ва ёзги вақтга ўтиш одамларнинг саломатлигига ёмон таъсир қилади. Вақтни ўзгартириш амалиёти энергиятежамкорликка ёрдам бериши ҳақидаги гаплар эса вице-спикернинг фикрича сафсата.

Маълумот учун, 2011 йилда ҳам депутатлар вақт тизимини ўзгартиришни қўллаб овоз берган, лекин буни Украинанинг ғарбий қисмида яшовчилар томонидан салбий кутиб олишган. Чунки вақт тизимининг ўзгармаслиги улар доимий эрта туришига сабаб бўларди. Жамоатчилик таъсири билан қонун қабул қилинмаганди. Украина бу мавзуга яна қайтишига сабаб Европарламент бу ташаббусни қўллаб-қувватлаши бўлди.

Маълумот учун, Украина март ойининг охирги якшанбасига қадар ёзги вақтга ўтади. Қишки вақтга эса октябрнинг охирги якшанбасида ўтади. Агар қонун лойиҳаси тасдиқланса, март ойи охиридаги вақт алмашиши охиргиси бўлади.

Top