21:20 / 07.03.2021
16378
Ер марказида фанга номаълум структура аниқланди

Австралия миллий университети геофизиги Жоанн Стивенсон ва унинг ҳамкасблари Ер ядроси ичида номаълум структура белгиларини аниқлашди.  

Фото: sciencealert.com

Олимлар Ер ядроси бир жинсли эмас эканини ва ўзида кичикроқ ўлчамдаги яна бир “ички” ядрони сақлашини аниқлашди. “Бу жуда қизиқ ва китобларни янгидан ёзишимизга тўғри келиши мумкинлигини англатади”, деб айтишган олимлар.     

Анъанавий фаразларга кўра, Ер 4та асосий қатламдан: пўстлоқ, мантия, ташқи ва ички ядродан ташкил топган. Бироқ Ер пўстлоғи остидаги қатламлар ҳақидаги билимлар вулқонлар ва сейсмик тўлқинлар ҳақидаги билимларга асосланган. 

Австралиялик геофизиклар сейсмик тўлқинлар Ер орқали қандай ўтиши ҳақида ўнлаб йиллар давомида йиғилган маълумотларни таққослаш учун махсус алгоритмдан фойдаланишди. 

Тадқиқот ички ядрода чуқурликнинг сезиларли ўзгаришларини кўрсатмаган. Бироқ тўлқинлар йўналишининг 54 даражага ўзгаргани аниқланган.
 
“Биз темир тузилиши ўзгаришига ишора қилувчи исботларни топдик. Улар сайёрамиз тарихида иккита алоҳида совиш даври бўлганини англатиши мумкин”, деб тушунтирган Стивенсон. 

Янги кашфиёт баъзи тажрибавий маълумотлар нима учун Ер тузилишининг ҳозирги моделларига мос келмаслигини тушунтириши мумкин. Олимлар охирги йилларда “энг ички қатлам” борлиги ҳақидаги тахминларни илгари суриб келишади, чунки ички ядрони ташкил қилувчи темир кристаллари турли структуравий жойлашувга эга.

Top