19:48 / 09.03.2021
9404
Роналду «Порту»га, Ҳоланд «Севилья»га қарши. ЕЧЛ 1/8 финал жавоб ўйинлари олдидан

Чемпионлар лигаси нимчоракфинал биринчи ўйинларидан кейинги икки ҳафталик танаффусдан сўнг, бугун 9 март, сешанба оқшомида 1/8 финал жавоб учрашувлари доирасидаги дастлабки икки ўйин ўтказилиб, чоракфиналга йўлланма олган илк жамоалар маълум бўлади. Криштиану Роналду турнирдаги иштирокини давом эттиришни истаса, «Ювентус» билан «Порту»ни керакли натижа билан мағлуб этиши шарт, «Севилья» эса Дортмундда Эрлинг Ҳоланд етакчилигидаги «Боруссия»дан реванш олишга интилади.

Роналду турнирдаги иштирокини давом эттирадими?

«Ювентус» бош мураббийи Андреа Пирло Чемпионлар лигасидаги «Порту»га қарши ўйин учун Криштиану Роналдуни А Серия доирасидаги «Лацио»га қарши баҳсда асосий таркибда майдонга туширмади. Мураббий португалиялик голеадорни «Порту»га қарши баҳс учун асраганини яшириб ўтирмади. Туринликлар Роналдунинг голларисиз ҳам «Лацио»ни мағлуб этган бўлишса-да, Чемпионлар лигасида Криштиану жамоа учун қай даража муҳим фигурага айланишини яхши билишади.

 

«Юве» Португалиядаги ўйинда 1:2 ҳисобида мағлуб бўлгач, рақиблар бош мураббийи Сержиу Консейсау жамоасининг 3:0 ҳисобида ютиш мумкин бўлган баҳсда битта тўп ўтказиб юборганидан жиғибийрон бўлганди. Пирло эса минимал фарқни йўқотиш учун Туринда «жанг» бўлиши ҳақида гапирган.

Криштиану Роналду «Порту» тўсиғидан ўтиб, чоракфиналга йўлланма олса, Икер Касильяснинг турнирдаги ўйинлар сони бўйича тарихий рекордини такрорлайди (177 ўйин). «Ювентус» йўлланмадан қуруқ қолган тақдирда, Роналду испаниялик дарвозабоннинг рекордини янгилаши учун ЕЧЛнинг кейинги мавсумини кутишига тўғри келади. Шундай экан, Роналду нафақат чоракфинал йўлланмаси, балки навбатдаги рекордни янгилаш учун ҳам кеча қаҳрамони бўлишга интилиши аниқ.

 ЕЧЛ. 1/8 финал. Жавоб учрашуви

9 март (сешанба)

«Ювентус» - «Порту»

Турин, «Альянц-Арена»

Ўйин бошланиш вақти: 01:00

ТВ-трансляция: UzReportTV

«Ювентус»: Шенсни; Куадрадо, Бонуччи, де Лихт, Алекс Сандро; Кьеза, Рабьо, Артур, Рэмзи; Мората, Роналду

Ўйнамайди: Дибала (жароҳат), Бентанкур (жароҳат), Данило (дисквалификация)

Сўроқ остида: Кьеллини (жароҳат), Артур (жароҳат).

«Порту»: Марчесин; Манафа, Пепе, Мбемба, Зайду; Сержиу Оливейра, Урибе, Отавио, Корона; Марега, Торемий

Сўроқ остида: Пепе (жароҳат)

«Севилья» Ҳоландга қарши

«Севилья»га қарши Андалусиядаги дастлабки баҳсда Ҳоланд дублга эришиб, «Боруссия»нинг 3:2 ҳисобидаги ғалабасини таъминлагач, Marca нашри норвегиялик 20 ёшли голеадорни «тутқичбермас махлуқ»қа қиёслаганди. Ушбу дубль эвазига Ҳоланд 8та гол билан турнирдаги энг яхши тўпурар бўлиб турибди.

Уч ҳафта аввал дастлабки баҳслар ўтган санада Роналдудан оқшом қаҳрамонлигини тортиб олган Ҳоланд бу кеча ҳам Криштиануни соясида қолдириш имкониятига эга. Ҳар ҳолда Лопетеги жамоаси Дортмунддан учраган мағлубиятдан кейин ҳали ўзига келган эмас. «Севилья» ўша баҳсдан сўнг 4 ўйинда 3 марта мағлубиятга учради. Охирги баҳсда «Эльче»га мағлуб бўлган андалусияликларнинг Дортмундда камбэк амалга оширишига ишониш қийин. Ҳоланд эса сўнгги ўйинда «Бавария» дарвозасини икки марта ишғол этиб, ажойиб формада эканлигини кўрсатишда давом этмоқда.

ЕЧЛ. 1/8 финал. Жавоб учрашуви

9 март (сешанба)

«Боруссия» Дортмунд - «Севилья»

Дортмунд, «Сигнал Идуна Парк»

Ўйин бошланиш вақти: 01:00

ТВ-трансляция: FutbolTV

«Боруссия»: Хитц; Менье, Жан, Ҳуммельс, Шульц; Дилейни; Беллингем, Дауд; Ройс, Азар; Ҳоланд

Ўйнамайди: Аканжи (жароҳат), Санчо (жароҳат), Шмельцер (жароҳат), Витсель (жароҳат).

Сўроқ остида: Геррейру (жароҳат), Рейна (жароҳат)

«Севилья»: Буну; Навас, Кунде, Карлос, Акунья; Хордан, Фернандо; Окампос, Ракитич, Гомес; Ан-Носирий

Ўйнамайди: Видаль (жароҳат).

Top