08:44 / 10.03.2021
2087
Германия инвесторлари билан биргаликда 1 млрд долларлик 24та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган - ИТСВ

Жорий йилнинг 9 март куни видеоконференция шаклида Германия иқтисодиётининг Шарқий қўмитаси кўмагида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ташкил этилган Ўзбекистон - Германия давра суҳбати бўлиб ўтди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, мулоқот давомида Ўзбекистон – Германия инвестициявий ҳамкорлиги жорий ҳолати, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик, кимё ва фармацевтика саноати каби тармоқларда ўзаро манфаатли шерикликни чуқурлаштиришнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди.

Вазирлик хабарига кўра, жорий йилда Германия инвесторлари билан биргаликда автомобилсозлик, кимё, фармацевтика ва электротехника тармоғида, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда умумий қиймати 1 млрд долларга тенг бўлган 24та йирик лойиҳани амалга ошириш режалаштирилгани маълум қилинган.

Ўзбекистон томони барқарор ривожланиш, иқтисодиётни эркинлаштириш, бизнес юритиш учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш, эркин бозор тамойилларини жорий этиш ва устувор тармоқларда давлат иштирокини камайтириш каби иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган жараёнлар республикада давом эттирилишини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон – Германия иқтисодий ҳамкорлигини фаоллаштириш ва ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини янги кенг кўламли лойиҳа ва ташаббуслар билан тўлдириш мақсадида яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлик билдирилди.

Тадбир якунида инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган ёки Ўзбекистон бозорига қизиқиш билдираётган Германия тадбиркорлари билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги мувофиқлаштируви остида масъул вазирликлар ва идораларни жалб қилган ҳолда, ҳар бир инвестор ва тадбиркор билан манзилли ишлашни назарда тутадиган ҳамкорлик барқарор механизмини ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди.

Top