19:50 / 12.03.2021
6547
Марказий банк февралдаги валюта олди-сотдиси бўйича маълумот берди

2021 йилнинг феврал ойида ички валюта бозоридаги операцияларнинг умумий ҳажми 1 миллиард 600 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, январ ойига нисбатан 4 фоизга ўсди.

Ўзбекистон Марказий банки феврал ойида ички валюта бозорида амалга оширилган операцияларга доир қисқача шарҳ эълон қилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, ўтган ойда ички валюта бозоридаги операцияларнинг умумий ҳажми 1 миллиард 600 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, январ ойига нисбатан 4 фоизга ўсган.

Юридик шахслар билан амалга оширилган валюта операциялари
Феврал ойида ички валюта бозорида хорижий валютадаги умумий таклиф ҳажми 1 миллиард 200 миллион АҚШ долларини (Марказий банк интервенцияларини ҳисобга олмаган ҳолда) ташкил этиб, январ ойига нисбатан 28 фоизга ўсди.

Хусусан, ҳисобот ойида:

  • хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 665 миллион АҚШ доллари миқдоридаги чет эл валюталари сотилган бўлиб, ушбу кўрсаткич аввалги ойга нисбатан 20 фоизга ошди;
  • банклар ва жисмоний шахслар томонидан сотилган чет эл валюталари миқдори 494 миллион долларни;
  • Молия вазирлиги томонидан сотилган чет эл валюталари миқдори 30 миллион долларни ташкил этди.

2021 йил феврал ойида юридик шахслар томонидан чет эл валютасига бўлган талаб январ ойига (1,14 миллиард АҚШ доллари) нисбатан 15 фоизга ўсиб, 1,28 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

Шарҳда келтирилишича, валюта бозорида чет эл валютасининг асосий қисми (51 фоизи) ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналар, товарлар ва хомашё импорти, 27 фоизи хорижий кредитларни сўндириш, 19 фоизи халқ истеъмоли товарлари ва дори-дармон маҳсулотлари импорти, 2 фоизи хорижий инвесторлар даромадларининг репатриацияси ва қолган 1 фоизи бошқа мақсадлар учун харид қилинган.

Жисмоний шахслар билан амалга оширилган операциялар
2021 йил феврал ойида жисмоний шахслар томонидан валюта айирбошлаш шохобчалари орқали сотилган чет эл валютаси миқдори 527 миллион АҚШ долларини (январ ойида 420 миллион АҚШ доллари, ўсиш 25 фоиз), сотиб олиш ҳажмлари 307 миллион АҚШ долларини (январ ойида 382 миллион АҚШ доллари, камайиш 20 фоиз) ташкил этди.

Ўз навбатида, феврал ойи давомида жисмоний шахсларнинг чет эл валютасига бўлган таклифи талабга нисбатан 220 миллион АҚШ долларига кўп миқдорда шаклланди.

Ҳисобот ойида халқаро пул ўтказмалари орқали республикага келиб тушган валюта маблағлари ҳажми 464 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, январ ойи кўрсаткичига нисбатан 9 фоизга ёки 37 миллион АҚШ долларига ошди.

Марказий банкнинг валюта интервенциялари
Ушбу даврда Марказий банкнинг валюта интервенциялари олтин-валюта захираларининг нейтраллиги принципига асосланган ҳолда амалга оширилди. Бунда Марказий банк томонидан сотилган чет эл валютасининг соф ҳажми ой давомида сотиб олинган монетар олтин ҳажми доирасида бўлиши таъминланди.

Хусусан, ҳисобот ойида Марказий банк томонидан монетар олтин сотиб олиниши натижасида юзага келган қўшимча ликвидлиликни стерилизация қилиш мақсадида 4,1 триллион сўм эквивалентидаги валюта маблағлари валюта биржасида сотилди.

Ҳисобот ойида импортни молиялаштириш манбалари таркибида ички валюта бозорида сотиб олинган маблағлар (конвертация) улуши 57 фоизни, хорижий валютадаги ўз маблағлари улуши 27 фоизни ташкил этди.

Алмашув курси динамикаси
Ҳисобот даврида миллий валютанинг алмашув курси динамикаси валюта бозоридаги талаб ва таклифнинг жорий нисбатидан келиб чиқиб, ички ва ташқи омиллар таъсирида шаклланди. Хусусан, жорий йил январ-феврал ойлари давомида миллий валюта курси 0,6 фоизга қадрсизланди (йил бошида 10 461 сўм/доллар, февраль ой сўнгида 10 525,5 сўм/доллар).

Top