18:53 / 12.03.2021
2740
Сенат айрим ҳудудлардаги халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг айрим қарорларини бекор қилди

Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти ҳамда Ғузор, Миришкор, Қарши туманлари ва Қарши шаҳар Кенгашларининг айрим қарорлари бекор қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг айрим қарорларини бекор қилиш масаласи кўриб чиқилди.

Ушбу масала кўриб чиқилишига Сенатга Бизнес омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан халқ депутатлари Сурхондарё вилояти ҳамда Ғузор, Миришкор, Қарши туманлари ва Қарши шаҳар кенгашларининг айрим қарорларини бекор қилиш бўйича мурожаатлар келиб тушгани асос бўлган.

Сенатнинг масъул қўмиталари томонидан мазкур мурожаатлар ўрганиб чиқилиши натижасида юқорида кўрсатилган маҳаллий кенгашларнинг қарорлари ҳақиқатан ҳам қонун талабларига зидлиги маълум бўлган.

«Қарши шаҳар, «Қарлуқбоғот» маҳалласида яшовчи фуқаро Г.Ҳайдарова 2011 йилда уй-жойни хусусийлаштирган ва бу бўйича шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинган. Бироқ орадан 6 йил ўтиб, 2017 йилда халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгаши шаҳар ҳокимининг ушбу қарорини бекор қилган. Ваҳоланки, амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ҳамда бекор қилиш ваколатига эга эмас.

Мазкур ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилганда хусусий мулкка доир барча нормалар ва белгиланган тартиб-таомилларга амал қилинмагани маълум бўлди. Оқибатда фуқаро йиллар давомида сарсон бўлган», – дейди Сенат раиси Танзила Норбоева.

Таъкидланишича, Халқ депутатлари Ғузор, Миришкор, Қарши туманлари кенгашларининг фермер хўжалиги билан тузилган ер ижараси шартномасини бекор қилишга оид қарорларида ҳам шу ҳолат кузатилган.

Бандихон туманидаги «Бектепа» кичик саноат зонаси ҳудудида йўл қурилиши масаласида ҳам шунга ўхшаш ҳолат қайд этилган. Тадбиркор тендерда ғолиб бўлган, бироқ у билан шартнома тузилмасдан объект умуман бошқа ташкилотга бериб юборилган. Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгаши эса ўз қарори билан ҳокимликнинг ушбу хатти-ҳаракатини қонунийлаштириб берган.

Ялпи мажлисда маҳаллий кенгашларнинг юқоридаги қарорлари кўриб чиқилиб, уларни бекор қилиш бўйича Сенатнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, қонун ҳужжатларига киритилган сўнгги қўшимчаларга мувофиқ, Сенатга маҳаллий кенгашларнинг Конституция ва қонунларга, президент фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорларини бекор қилиш ваколати берилган.

Top