13:57 / 14.03.2021
10483
Агросаноат кластерларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи низом лойиҳаси эълон қилинди

«Агросаноат кластерлари мақоми ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги низом лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Маълумот учун, айни пайтгача кластерлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмасди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ишлаб чиққан лойиҳада «агросаноат кластери» тушунчасига қуйидагича таъриф берилган:

«Агросаноат кластерибир ёки бир неча юридик ва жисмоний шахслар гуруҳи томонидан замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва реализация қилиш бўйича қўшилган қиймат занжири яратиш илмий, инновацион усуллар асосида амалга ошириладиган фаолият шакли».

Агросаноат кластери мақоми ташаббускор, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ёки вилоятлар ҳокимликлари ўртасида тузиладиган уч томонлама битимга асосан берилади.

Агросаноат кластерлари қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

  • қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар ва преференциялардан фойдаланиш;
  • товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиларни ва ўз товарларининг (ишларининг, хизматларининг) истеъмолчиларини мустақил равишда танлаш;
  • ўзларига ажратилган ер участкаларида ихтисосликдан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги экинларини эркин жойлаштириш;
  • етиштирилган ва ишлаб чиқарилган товарларни (маҳсулотларни) эркин тасарруф этиш;
  • битим билан ваколатли давлат органи зиммасига юкланган мажбуриятларни бажаришни талаб қилиш.

Агросаноат кластерларининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

  • инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни битимда белгиланган муддатда ва миқдорда бажариш;
  • қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчиларидан етказиб берилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга ошириш;
  • қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари фаолиятига аралашмаслик;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ҳамда тайёр маҳсулот кўринишида реализация қилиш;
  • ер ижараси шартномаси талабларига риоя этиш;
  • ердан белгиланган мақсадга мувофиқ оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, ишлаб чиқаришнинг табиатни муҳофаза қилувчи технологияларини қўллаш, ўз хўжалик фаолияти натижасида ҳудудда экологик вазиятнинг ёмонлашувига йўл қўймаслик;
  • битимга ва қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари билан тузилган шартномаларга қатъий риоя этиш;
  • хомашё ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва замонавий технологияларга таянган ҳолда, юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;
  • фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси самарадорлигини ошириш;
  • ишлаб чиқаришда ресурс тежовчи технологияларни мунтазам қўллаб бориш;
  • битим шартлари бажарилиши тўғрисида ваколатли давлат органига ҳисобот бериб бориш.

Агросаноат кластерлари учун ер участкалари фақат ижара ҳуқуқи асосида; 50 йилгача, лекин 30 йилдан кам бўлмаган муддатга; захира ерлар, юридик ва жисмоний шахсларга берилмаган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, қайта тикланадиган ва фойдаланишга киритиладиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ажратилади.

Агросаноат кластерларига ижарага бериладиган ер участкаларининг энг кам ўлчами:

  • пахтачилик ва ғаллачилик учун камида 500 гектарни;
  • боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик ва полизчилик камида 100 гектарни ташкил этади.

Чорвачилик кластерларига ер участкаларини ажратишда фермер хўжалиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган қоидалар қўлланилади.

Агросаноат кластери фаолиятини ер участкаларини ижарага олмасдан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва етказиб бериш бўйича шартномалар тузиш орқали қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорликда амалга ошириши мумкин.

Ер участкалари фуқароларга иккиламчи ижарага, шунингдек, оила пудрати асосида бир йилгача бўлган муддатга берилиши мумкин.

Кластерлар ихтисослашув бўйича белгиланган қишлоқ хўжалиги экинларини экмаган тақдирда, экилмаган ер майдонидан ер солиғи 20 баравар миқдорда ундирилади.

Агросаноат кластери мақомини олган юридик шахс ёки оддий ширкат иштирокчилари турли нодавлат нотижорат бирлашмаларига мажбурий аъзо қилинишига йўл қўйилмайди.

Давлат органлари ва ташкилотларининг ҳамда бошқа органлар ва ташкилотларнинг, шунингдек, улар мансабдор шахсларининг агросаноат кластери хўжалик фаолиятига аралашувига йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Агросаноат кластерларининг ер майдонларини олиб қўйиш фақат суд қарори асосида амалга оширилади.

Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари республикада фаолият юритаётган исталган агросаноат кластерлари билан маҳсулот етказиб бериш шартномаларини тузишга ва маҳсулот етказиб беришга ҳақли.

Низом лойиҳасига агросаноат кластери мақомини олиш учун мезонлар, кластер очишнинг ташкилий жараёнлари, кластер иштирокчиси бўлиш ва бошқа масалалар ҳам киритилган.

Лойиҳа муҳокамаси 28 мартгача давом этади.

Top