09:25 / 14.03.2021
9288
Байден маъмурияти бир ойдан бери Шимолий Корея билан алоқа ўрната олмаяпти - Reuters

АҚШнинг янги президенти Жо Байден маъмурияти Шимолий Корея билан турли дипломатик каналлар орқали феврал ўртасидан бери алоқа ўрната олмаяпти. Пхенян Вашингтоннинг уринишларини жавобсиз қолдирмоқда.

Фото: Reuters

Reuters’нинг Байден маъмуриятидаги юқори мансабдор шахсга таяниб хабар беришича, Оқ уй Пхенян билан бир нечта, жумладан Нью-Йоркдаги дипломатик канал орқали боғланишга уриниб келмоқда. Бироқ Шимолий Корея раҳбарияти бу уринишларни эътиборсиз қолдирмоқда.

“Биз феврал ўртасидан бери бир нечта канал орқали Шимолий Корея ҳукуматига мурожаат қилмоқдамиз. Бироқ бугунги кунда Пхеняндан жавоб олмадик”, деб айтган манба.

Унинг айтишича, Вашингтоннинг бир қатор уринишларига қарамай, Шимолий Корея билан бир йилдан бери “фаол мулоқот” йўқ.

Таъкидланишича, Шимолий Кореянинг сукут сақлаши кейинги ҳафта АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва мудофаа вазири Остин Ллойднинг Жанубий Корея ва Японияга ташрифи ортида янада хавотир уйғотмоқда.

Бироқ таъкидлаш жоиз, Шимолий Кореянинг Германиядаги элчиси яқинда берган баёнотида Пхенян АҚШнинг янги маъмурияти билан муносабатларни яхшиламоқчилигини билдирганди.  

Аввалроқ Байден маъмурияти Шимолий Корея бўйича янги стратегияни тайёрламоқчилиги маълум қилинганди.   

Top