12:16 / 18.03.2021
8383
Шимолий Корея АҚШнинг янги маъмурияти билан алоқа ўрнатиши шартини маълум қилди 
Фото: Reuters

Шимолий Корея ҳукумати Вашингтон Пхенянга нисбатан душманона сиёсатидан воз кечмагунча, АҚШнинг янги маъмурияти билан алоқа ўрнатмайди. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг “Рёнхап” ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Агентлик бунда Шимолий Корея ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Чвэ Сон Хининг баёнотига таянмоқда.

Аввалроқ АҚШ Пхенян билан турли каналлар орқали боғланишга ҳаракат қилаётгани, бироқ бу уринишлари бесамар тугаётгани маълум қилинганди.

“Улар Жанубий Корея билан қўшма машғулотлар бошлаши арафасидаги кеча биздан алоқага чиқишни илтимос қилиб хабар йўллашган. Бироқ биз АҚШнинг ўйинларига яна муносабат билдириш керак, деб ҳисобламаймиз”, деб айтилган баёнотда.   

Чвэ Сон Хининг таъкидлашича, агар АҚШ Шимолий Кореяга душманона сиёсатидан воз кечмаса, Пхенян ва Вашингтон ўртасида алоқалар ва музокаралар умуман бўлмаслиги мумкин. “Шу сабабли биз бундан буёғига ҳам АҚШнинг алоқа ўрнатишга уринишларини эътиборсиз қолдирамиз”, деб таъкидлаб ўтган Шимолий Корея вакили. Унинг айтишича, Шимолий Корея ва АҚШ ўртасидаги мулоқот учун “бир стол атрофида тенгҳуқуқли асосда ўтириб, фикрлар алмашиш мумкин бўладиган” муҳит зарур.

Чвэ Сон Хи Шимолий Корея “АҚШ киритишни яхши кўрадиган санкциялар”га жавоб қайтаришга тайёрлигини қўшимча қилган.

“Биз АҚШга “кучга куч билан” ва “яхшиликка яхшилик билан” тамойили асосида қарши туришимизни билдириб бўлганмиз”, деб ўз сўзларини якунлаган Шимолий Корея вакили.

Аввалроқ Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжон АҚШ ва Жанубий Корея томонидан Корея яриморолида ўтказилаётган қўшма машғулотлар тўхтатилишини талаб қилиб, акс ҳолда Сеул билан тинчлик сулҳини бекор қилиш билан таҳдид қилганди. Бундан ташқари, у АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятини Корея яриморолида “порох ҳидини ёймаслик” ва кейинги 4 йил давомида “тинч ухлаши учун” халақит қиладиган иш қилмасликдан огоҳлантирган. 

Top