21:42 / 19.03.2021
22899
«У каби бандит ҳеч қачон бундай таклифнома олмайди» – АҚШда бошқа сиёсатчилар ҳам Путинни қотил деб атаган

АҚШ президенти Жо Байден россиялик ҳамкасби Владимир Путинни қотил деб ҳисоблашини айтгач, бу гап Россияда кўпчиликнинг нафратига сабаб бўлди. Путиннинг ўзи ҳам тезда муносабат билдириб, «Ким нима деган бўлса, ўзи шунақа» деб чиқди.

Аслида Байден йўқ жойдан Путинни қотил деб атагани йўқ. ABC журналисти, ўз вақтида Билл Клинтоннинг матбуот котиби бўлиб ишлаган Жорж Стефаполус бу мазмундаги жавобни Байденнинг оғзидан «суғуриб олди»: «Путинни қотил деб ҳисоблайсизми?» деб сўради журналист. Байден эса шунчаки тасдиқлади. Аслида АҚШ етакчиси бу мавзуни очмоқчи эмас, шунчаки Путин қилган ишлари учун жавоб беришини айтмоқчи эди.

АҚШ президентлари Путин ҳақида нималар дейишган?

Аслида бундай саволга Байден тасдиқ билан жавоб бериши Вашингтон учун янгилик бўлмади. Чунки у сайлов кампанияси давомида Путинни «КГБ бандити» деб атаган ва у Трампни ўзининг қўғирчоғига айлантирганини таъкидлаганди.

Мамлакатнинг олдинги президентлари ҳам Путинни Байдендан қолишмайдиган қилиб «алқашган». Масалан, Барака Обама 2016 йил Путинни «бандит», «безори» деб атаганди. Обама ўзи билан суҳбатлашган Путинни эслар экан «У охирги партада зерикиб ўтирган мактаб ўқувчисини эслатади, суҳбатни диққат билан тингламайди», деганди. Путин билан гўёки яхши муносабатда бўлган, ҳатто 9 майдаги парадда қатнашган кичик Жорж Буш Путинни «кўп нарсани билмайдиган» деб атаган. Буш администрацияси вақтида мудофаа вазири бўлиб ишлаган Роберт Гейтс Путиннинг кўзига қараб, кутганидек «совуққон қотилни кўргани»ни айтган.

Америка президентларига «Путинни қотил деб ҳисоблайсизми?» саволини бериш одат тусига кирган. «Путиннинг одами» деб аталадиган Трамп эса бу саволга икки марта дуч келиб, ҳар сафар аниқ жавобдан «қочиб қолган». Трамп биринчи марта «У ўз мамлакатини бошқармоқда, демак мамлакат етакчиси», деган бўлса, иккинчи марта «У одамларни ўлдиради деб ўйлайсизми? Мен буни кўрмаганман», деганди.

2017 йил Трампга яна бир марта бу борада савол беришган. Fox телеканали бошловчиси Билл О'Райли шундай деган: «Кечирасиз, жаноб президент, сиз Путинни нега бунча ҳурмат қиласиз? У қотил-ку ахир». Трамп эса хотиржам жавоб берган: «Умуман олганда, қотиллар жуда кўп. Бизда ҳам қотиллар кўп. Сиз бизнинг давлатимизни шунчалик бегуноҳ деб ўйлайсизми?».

Кремль Трамп иштирокидаги фақат мана шу интервьюга салбий муносабат билдирган. Шунда ҳам Трампга эмас, Путин ҳақида қўпол савол берган журналистга норозилик билдирган. Fox журналисти эса кулги билан жавоб берган: «Путин администрацияси уларнинг қадрли Владини қотил деб атаганим учун кечирим сўрашим кераклигини айтмоқда. Мен бу узрнома ҳақида ишлаяпман, келинг бу саволга 2023 йилда қайтамиз».

Америкалик сиёсатчилар яна нима деган?

Путинни бандит ёки безори деб аташ америкалик сиёсатчилар учун янгилик эмас. Демократлар ҳам, республикачилар ҳам бу борада бир-биридан қолишмаган. Марҳум сенатор Жон Маккейн 2016 йил CBS телеканалига берган интервьюсида Путинни «бандит, қотил ва КГБ агенти» деган. Путинни АҚШ президентлигига собиқ номзодлар Митт Ромни, Марк Рубио ва Берни Сандерс ҳам қотил деб атаган. Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси эса Трамп Путинни Вашингтонга таклиф қилиб қолса, Россия президенти Капитолийга таклиф қилинмаслигини айтганди. «Путин каби бандит ҳеч қачон бундай таклифнома олмайди», деган Трампнинг доимий танқидчиси Нэнси Пелоси. Унинг фикрини Сенатдаги республикачилар етакчиси Митч Макконелл ҳам қўллаб-қувватлаган.

Top