23:54 / 22.03.2021
5537
Саудия Арабистони Ямандаги ихтилофни тўхтатишга қаратилган янги ташаббусни билдирди  

Саудия Арабистони Ямандаги ихтилофни тўхтатишга қаратилган янги ташаббусни билдирди. Ушбу ташаббус Яманда БМТ патронажи остида ўт очишнинг тўлиқ тўхтатилиши ва сиёсий музокараларни қайта бошлашни кўзда тутади.

Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон Ол Сауднинг таъкидлашича, ташаббусда, шунингдек, Сано аэропортининг бир қатор халқаро ва маҳаллий рейслар учун очилиши кўзда тутилган. 

“Биз ушбу ташаббус амалга оширилиши учун халқаро ҳамжамият, ҳамкорларимиз, Яман ҳукумати билан ишламоқдамиз. Биз ҳусийчилар ярашув шартларини қабул қилиши, музокаралар столига ўтириши ва қурол ташлаши учун барча имкони бор ишни қиламиз. Биз сиёсий ечим олға силжиш учун ягона йўллигига ишонамиз”, деб айтган Файсал Ол Сауд.

Бундан ташқари, Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Худайдо портидан блокадани олишга тайёр ҳамда портдан тушадиган солиқ ва бож йиғимларининг Яман марказий банкидаги умумий ҳисобрақамга тушишига рози бўлади. 

Саудиялик вазирнинг таъкидлашича, ушбу ташаббус “ҳусийчилар учун яманликларнинг азоб-уқубатларига чек қўйишдаги яхши имкониятдир”. Унинг айтишича, ҳусийчилар ушбу ташаббуснинг амалга оширилишига рози бўлишлари билан ўт очишни тўхтатиш режими кучга киради.

Яман ҳукумати Ар-Риёднинг бу ташаббусини қўллаб-қувватлаган ва Саудия Арабистонининг Ямандаги ихтилофни тўхтатиш бўйича саъй-ҳаракатларини қадрлашини айтган.  

Ўз навбатида, ҳусийчилар Саудия Арабистонининг таклифига салбий муносабат билдиришган. Жумладан, “Ансор Аллоҳ” делегациясининг музокаралардаги вакили Муҳаммад Абдулсалом ушбу таклифни ножиддий деб атаган. 

“Блокаданинг олиниши учун ҳеч қандай ташаббус шарт эмас, гуманитар масалаларни дастак қилиш Яман халқига нисбатан жиноятдир. Саудия Арабистони аввал муҳокама қилинган ғояларни таклиф қилишни бас қилиб, тажовузни тўхтатиши ва Ямандан блокадани олиши керак”, деб айтган Абдулсалом.      

Яманда 2014 йил августдан бери ҳукумат кучлари ва ҳусийчилар ўртасида қарама-қаршилик давом этиб келмоқда. Ушбу ихтилофда Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Яман ҳукумат кучларини қўллаб-қувватлаб келади. Ҳусийчилар бунга жавобан Саудия Арабистонининг инфратузилмасини нишонга олиб, подшоҳликка бот-бот ҳужумлар уюштиради.

5 йилдан бери давом этаётган ихтилоф дунёдаги энг йирик гуманитар инқироз пайдо бўлишига олиб келган. БМТ маълумотларига кўра, 24 млндан кўпроқ яманлик, яъни мамлакат аҳолисининг 80 фоизи гуманитар ёрдамга муҳтож, мамлакат ичида кўчишга мажбур бўлганлар сони 3 млндан ошади. 

Top