13:20 / 24.03.2021
3941
«Функционал вазифасига кирмайдиган ҳар қандай иш: илтимосми, таҳдидми - ҳаммаси мажбурий меҳнат» - Танзила Норбоева
Фото: KUN.UZ

Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги мажбурий меҳнат ва одам савдосига қарши курашиш миллий комиссияси йиғилишида Сенат раиси Танзила Норбоева  мажбурий меҳнат ва одам савдосига қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳақида гапирди.

Сенат раиси ўтган йил давомида йўл қўйилган мажбурий меҳнат билан боғлиқ ҳолатларга тўхталиб, ўз вазифасидан ташқари ишларнинг ҳар қандай кўринишларига жалб этиш мажбурий меҳнат эканини таъкидлади.

«Айрим маҳаллий ҳокимликлар, вазирлик, идоралар ва уларнинг қуйи тузилмалари томонидан ходимларнинг ўз функционал вазифаларига кирмайдиган ишларга мажбурий жалб қилиш ҳолатлари ҳали ҳам учрамоқда.

Ўтган йили ободонлаштириш ишларини ташкил этишда 49та мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолати аниқланган. Бу ажратиб олиб ўрганилганда шунча, энди буни учга, бешга, ўнга кўпайтириб кўришингиз мумкин.

Ободонлаштириш, «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ» учун чақириб ишлатиш мажбурий меҳнат эмас, деган фикр нотўғри. Ўз функционал вазифаларига кирмайдиган ҳар қандай меҳнат: илтимос қиладими, таҳдидми — ҳаммаси мажбурий меҳнатга киради», деди Танзила Норбоева.

Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даврида ҳудудларда бир неча ҳолатда вояга етмаганларни мажбурий меҳнатга жалб этиш аниқлангани айтилиб, 2021 йил 12 февралдан бошлаб вояга етмаганларни мажбурий меҳнатга жалб этганлик учун тўғридан тўғри жиноий жавобгарлик белгилангани таъкидланди.

«Жорий йилнинг ўтган даври давомида Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 7та шу каби ҳолат аниқланган. Буларнинг барчаси халқ таълими муассасаларида кузатилган. 4та ҳолатда вояга етмаганлар, яъни ўқувчилар ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб этилган.

29 январ куни Тойлоқ туманидаги 13-мактаб директорининг ўринбосари 5- ва 8-синф ўқувчиларини ободонлаштириш ишларига жалб этган. Шофиркон туманидаги 33-мактаб директори эса ўқувчиларни ўз хонадонидаги чиқиндиларни тозалашга мажбуран олиб борган.

2021 йил 12 февралдан бошлаб вояга етмаганларни мажбурий меҳнатга жалб этганлик учун тўғридан тўғри жиноий жавобгарлик белгиланди. Энди шу каби ҳолатларга йўл қўйган мансабдорларга огоҳлантириш берилмайди, улар тўғридан тўғри жиноий жавобгарликка тортилади.

Болалар меҳнати билан боғлиқ дастлабки ҳолат учун жиноий жавобгарлик белгиланганидан кейин ҳам бу ишлар давом эттирилмоқда. Масалан, Ангор туманидаги 28-мактаб, Косон туманидаги 12-мактаб ўқувчилари дарс вақтида ободонлаштириш ишларига жалб этилган. Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжат расмийлаштирилиб прокуратурага тақдим этилган.

Биз ОАВ ва блогерлардан шу ҳақда кўпроқ ёритишларини сўраймиз», деди Сенат раиси.

Top