01:20 / 30.03.2021
5834
«Ўзкимёсаноат» бошқарув раиси: «Умумий қиймати 4 млрд доллардан ортиқ лойиҳалар тақдим этилди»

«Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Жўрабек Мирзамаҳмудов президентга соҳа бўйича қилган тақдимотига оид маълумотлар берди. Унда кимё саноатининг яқин истиқболлари ҳақида сўз борди.

«Бугунги тақдимотимиз соҳамиз бўйича январ ойида бўлиб ўтган йиғилиш натижалари ва режалар ижроси бўйича бўлди. Давлат раҳбарига табиий ресурсларни чуқур қайта ишлаш, кимёсаноатни кластер усулида ривожлантириш, ўқув-илмий шароитларни яхшилаш бўйича режаларимизни тақдим этдик.

Яқин 2 ой ичида 7 та янги лойиҳамиз ишга тушиши лозим ва уларнинг қиймати 1,5 млрд долларни ташкил қилади. Бу лойиҳалар келажакда йилига 750 млн долларлик импорт ўрнини босиш билан бирга 382 млн доллар миқдорида маҳсулотни экспортга чиқариш имконини беради. Умуман, 4 млрд долларлик янги лойиҳаларимиз орқали 3 430 та янги иш ўрни яратиш режа қилинган.

39 та лойиҳалар амалга ошиши 1,1 млрд/куб табиий газни қайта ишлаш имконини беради. Агар биз шу миқдордаги газни хомашё сифатида экспорт қилсак, 160 млн долларга эга бўламиз. Қайта ишлаш орқали эса худди шу маҳсулотни 2,1 млрд долларга сотиш мумкин. Бу лойиҳаларнинг деярли 90 фоизи хусусий инвестициялар ёки давлат-хусусий шерикчилик асосида амалга оширилади», деб Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг сўзларини келтирмоқда тақдимотда иштирок этган Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, айни пайтда умумий қиймати 2 миллиард 600 миллион доллардан зиёд бўлган 18 та лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилмоқда. Умумий ҳисобда, бу йилги ва истиқболдаги барча лойиҳалар натижасида 3 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати яратилади, тармоқнинг экспорт салоҳияти 1 миллиард 300 миллион долларга етади. Янги корхоналарда 3 минг 500 га яқин иш ўрни яратилади.

Яна бир муҳим жиҳати шуки, ушбу корхоналар фаолияти йўлга қўйилганидан сўнг табиий газни чуқур қайта ишлаб олинадиган янги маҳсулотлар қиймати 2 миллиард 100 миллион доллардан ошади. Яъни, қўшилган қиймат 14 баробар кўпаяди.

Кимёвий хомашё ва ярим тайёр маҳсулотлар негизида талаб юқори бўлган товарлар ишлаб чиқариш қувватларини яратиш мақсадида «Навоийазот» ва «Фарғонаазот» акциядорлик жамиятларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида 3 та йирик технологик кластерни барпо этиш режалаштирилган.

Хусусан, «Навоийазот»да умумий қиймати 2 миллиард 600 миллион долларлик 16 та лойиҳа, «Фарғонаазот»да жами 334 миллион долларлик 4 та лойиҳа, Қорақалпоғистон Республикасида салкам 687 миллион долларлик 3 та лойиҳа амалга оширилади.

Top