17:10 / 31.03.2021
2735
Очиқ мулоқот: “Иссиқлик электр станциялари” АЖ раиси ёшлар билан учрашди
Фото: “Иссиқлик электр станциялари” АЖ матбуот хизмати

“Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятида “Янги Ўзбекистонни ёшлар билан бирга қурамиз!” мавзусидаги “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти Бошқаруви аъзолари, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ва унинг таркибидаги корхоналар ёшлари иштирок этишди.

Учрашув давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 25 декабрь куни Ўзбекистон ёшлари форумида сўзлаган нутқи ва 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастурида ёшлар сиёсати бўйича илгари сурилган қатор ташаббуслари ижросини таъминлашга қаратилди.

Юртбошимиз ушбу йўналишда белгилаб берган вазифаларнинг долзарблигини инобатга олиб, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ “Раҳбар ва ёшлар” туркумидаги бир қатор учрашувларни ўтказишни режалаштирган. Уларда электр энергияси ишлаб чиқариш корхоналарида фаолият олиб бораётган ёшларнинг ғоя ва интилишлари, уларни қизиқтириб келаётган муаммо ва масалаларни ўрганиш, ёшларнинг ижтимоий ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича вазифалар белгилаб олинади.

“ИЭС” АЖ раҳбарияти бу каби учрашувларни очиқ мулоқот тарзида ўтказиш воситасида ёш кадрларнинг жамият ҳаётидаги ишларда янада фаол иштирок этишини таъминлаш, навқирон авлод вакилларининг ўз салоҳияти ҳамда ташаббусларини намойиш этишлари учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш вазифасини ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Учрашув доирасида ёш мутахассисларни ишлаб чиқариш жараёни ва электр энергетикаси соҳасида замонавий ва энергосамарадор технологиялар жорий этиш лойиҳалари билан яқиндан таништириш мақсадида Тошкент иссиқлик электр станциясига ташрифи ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ матбуот хизмати

Top