12:42 / 01.04.2021
2651
Ўзбекистон ва Хитой 4 йилга мўлжалланган иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик дастурини тасдиқлайди
Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Жорий йилнинг 31 март куни видеоконференция шаклида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқовнинг Хитой савдо вазири Ван Вэнтао билан икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва устувор соҳаларда ўзаро келишувларни амалга ошириш ҳолати муҳокамасига бағишланган музокаралари бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда Хитой инновацион технологияларидан фойдаланган ҳолда юқори фойда келтирувчи ишлаб чиқариш объектларини яратишга қаратилган янги лойиҳаларни амалга оширишга Хитойнинг йирик компанияларини жалб этиш бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди. Ҳозирги кунда хитойлик инвесторлар билан ҳаётга татбиқ этилишини тақозо этувчи 40та истиқболли лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилган.

Шунингдек, мулоқот чоғида томонлар Ўзбекистон ва Хитой ҳукуматлари ўртасида “2021-2025 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш дастури”ни тасдиқлаш тўғрисидаги битим лойиҳасини ишлаб чиқишни жадаллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга келишиб олди.

Алоҳида тартибда жорий йилда Ўзбекистон – Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси ва тегишли қуйи қўмиталарнинг 6-йиғилишини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Мазкур тадбирлар ўтказилиши икки томонлама шериклик ривожига сезиларли туртки бериши ва ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишларини ажратиб олиш имконини яратиши таъкидланди. Шу билан бирга, яқин келажакда Ўзбекистон ҳукумат ва ишбилармон доиралари делегациясининг Хитойга ташрифини ташкил этиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Ўзбек экспортчиларининг Хитой бозорига янги узилган ва қуритилган мева - сабзавот маҳсулотлари етказиб беришни кенгайтириш борасидаги манфаатлари қайд этилди. Мулоқот чоғида ўзбек маҳсулотларини илгари суриш ва Хитой буюртмачилари билан барқарор ҳамкорлик механизмларини яратиш бўйича навбатдаги тадбирлар белгиланди.

Молиялаштирилаётган йирик инвестиция лойиҳалари сонини кўпайтиришни назарда тутган ҳолда, ХХР Эксимбанки, Хитой давлат тараққиёт банки ва “Ипак йўли” жамғармаси билан ҳамкорликни ривожлантириш учун улкан имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Top