21:46 / 01.04.2021
5619
Эрта улғайган болалар мактаби. Тарбия колониясидан репортаж

ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси Зангиота туманидаги 24-сон тарбия колониясига пресс-тур уюштирди. Унда тарбияланувчилар яшаш тарзи, ўқув машғулотлари ҳақида маълумот берилди.

Бу ерда 49 нафар 14-21 ёш оралиғидаги жазо муддатини ўтаётган ўғил болалар тарбияланишади.

ОАВ вакиллари навбати билан ҳудуддаги турли объектларни бориб кўришди. Илк манзилимиз кўп муддатли учрашув хоналари бўлди. Тарбия колонияси раҳбари Шоира Адилованинг айтишича, кўп муддатли учрашув хоналарида жазо муддатини ўтаётганларнинг ота-оналари, яқин қариндошлари 24 соат давомида бирга вақт ўтказишлари мумкин.

Илгари бу муддат 3 суткани ташкил этган. Пандемия сабабли муддат қисқартирилган. Жазо муддатини ўтаётганларнинг яқинлари аввал ПЦР тестларини топшириб, манфий жавоб олингандагина бу ерга киритилади. Бундай учрашувлар ҳар 45 кунда 1 марта, бир йилда эса 8 маротаба ўтказилади.

Колонияда бундай хоналардан 6 та ташкил этилган. Шарт-шароитлар етарлича: ошхона, ётоқхона, дам олиш хоналари ташкил этилган. Бундан ташқари, ота-оналар ва яқин қариндошлар учун қисқа муддатли учрашув хоналари мавжуд. У ерда учрашув муддати 2 соатдан иборат.

Тарбия колониясида ҳайдовчиликка ўқиш ва гувоҳномасини олиш учун ҳам шароит яратилган. Маълум автомактаб билан ҳамкорликда жазо муддатини ўтаётган тарбияланувчилар ўртасида “В” тоифали ҳайдовчиларни тайёрлаш ўқув курслари ташкил этилган бўлиб, 20 нафар тарбияланувчиларга ҳайдовчилик гувоҳномаси берилди.

Кейинги манзил тарбияланувчиларнинг ётоқхонаси бўлди. 2019 йилда капитал таъмирдан чиққан ётоқхона 2 қаватли бўлиб, кубрик типи асосида қурилган. У ерда тарбияланувчилар ёш тоифасига, содир этган ҳуқуқбузарлигига қараб ажратилмаган. Фақатгина биринчи қаватда хавфсизлик нуқтаи назаридан илк марта, иккинчи қаватда муқаддам судланганлар жойлаштирилган.

2019-2020 ўқув йилида тарбия колонияси қошида Зангиота тумани Халқ таълими бошқармасига қарашли 35-сонли мактабнинг филиали иш бошлади. Мактабда 14 нафар олий тоифали ўқитувчилар дарс бериб келишмоқда. 2019-2020 ўқув йили якунида 9-синфни тугатган 10 нафар тарбияланувчи шаҳодатнома ва 11-синфни тугатган 29 нафар тарбияланувчи аттестатга эга бўлишди.

Муҳаббат Маъмирова, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов.

Top