12:00 / 02.04.2021
10875
Тайванда йўловчи поезди рельсдан чиқиб кетиши оқибатида ўнлаб кишилар ҳалок бўлди

Тайвандаги туннелда 350 йўловчи билан ҳаракатланган поезд издан чиқиб кетиши оқибатида ўнлаб кишилар ҳалок бўлди.

Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, поезд туннелда йўл таъмирловчи машина билан тўқнашиб, рельсдан чиқиб кетиши оқибатида 41 киши ҳалок бўлиб, 60 киши жароҳат олган. Reuters агентлиги бу ҳодиса оролда камида сўнгги 40 йилдаги энг йирик темир йўл ҳалокати бўлганини хабар қилган.

Фавқулодда вазиятлар бўйича оператив марказ қутқарувчилар туннел ичкарисида қолган ва кучли шикастланган тўрт вагонга етиб бориш учун бор имкониятларни ишга солгани ҳақида хабар қилган. Поездда жами саккиз вагон бўлган.

Пойтахт Тайбэйдан Тайдунга (оролдаги йирик шаҳар ва уезд) томон ҳаракатланган тез юрар поезд меъёрдан ортиқ йўловчи олган. Тайвандаги нашрлар хабар қилишича, кўплаб йўловчилар тик турган ҳолда бўлган, авария вақтида бундай йўловчилар ҳар томонга улоқиб кетган. Поездда 350га яқин йўловчи бўлган.

Воқеа жойида олинган видеоларда вагонлар тўқнашувдан пачоқ бўлганини кўриш мумкин, бу эса қутқарувчилар туннел ичида қолган йўловчиларни қутқаришга етиб боришини қийинлаштирган.

Марказий ахборот агентлигининг расмий маълумотида, «туннелда нотўғри жойлашган» техника билан тўқнашган. Taiwan Railway компанияси томонидан тақдим этилган дастлабки маълумотларга кўра, таъмирловчи машина «сирғаниб кетиб» поезд йўлида пайдо бўлган бўлиши мумкин.

Ўт ўчириш хизмати эълон қилган суратларда ушбу техникага тегишли бўлган парчалар поезд яқинида сочилиб ётганини кўриш мумкин.

Айни пайтда қутқарув операцияси давом этмоқда, ҳозирча 100 нафар йўловчи эвакуация қилинган.

Поезд ҳалокати Цинмин фестивали муносабати билан бошланган узоқ муддатли таътилнинг бошланишига тўғри келди. Одамлар бу вақтда саёҳатларга чиқишади.

Ҳалокат рўй берган Тайваннинг шарқий қирғоғи туристлар энг кўп қатновчи йўналиш бўлиб, Тайбэйдан шарқ томонга чиққан темир йўл линияси ўз туннеллари билан машҳур ҳисобланади.

Тайванда 2018 йил октябрида ҳам йирик темир йўл ҳалокати содир бўлган. Ўшанда Puyuma Express тезюрар поезди орол шимоли-шарқидаги Илан уездида изидан чиқиб кетиши оқибатида 22 киши ҳалок бўлган, 170дан ортиқ одам жароҳат олган эди. 1981 йилда эса Тайван шимолида рўй берган тўқнашув оқибатида 30 киши ҳалок бўлган.

Top