09:45 / 03.04.2021
2064
Божхона тизимида товарларни тасарруф этиш тўғрисидаги низом тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси божхона тизимида товарларнинг намуна ва синамаларини тасарруф этиш тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ҳужжат божхона хизмати органларида божхона экспертизасини ўтказиш тартибини жаҳон стандартларига мослаштириш, намуна ва синама олиш жараёнларини соддалаштириш ҳамда янада такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектларига қулай имкониятлар яратиш, шунингдек мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қуйидагилар белгиланди:

  • товарлар намуналарини ёки синамаларини олиш мазкур товарларни идентификациялаш ва Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасига биноан товар кодини аниқлаш мақсадларида амалга оширилади;
  • товарлар намуналарини ёки синамаларини тасарруф этиш ҳамда божхона экспертизасидан ўтказиш учун зарур сарфлаш материаллари давлат божхона хизмати органларининг ҳар йилги истеъмолидан келиб чиққан ҳолда белгиланган тартибда харид қилинади;
  • товарлар намуналари ёки синамалари товар партиясининг таркиби ва хусусиятларини тўлиқ ифодалаши, маълумотлар ишончлилиги учун қуйидагилар шахсан жавобгар бўлади:
  • товарлар эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилганда – божхона органи мансабдор шахси;
  • товар жисмоний ёки юридик шахслар томонидан тақдим этилганда – жисмоний ёки юридик шахснинг масъул этиб тайинлаган ходимлари;
  • намуна ва синамаларни олиш суриштирув, тергов, прокуратура ва суд органлари қарорлари асосида амалга оширилганда − ушбу қарорларда масъул этиб тайинланган шахслар.

Ўзбекистон божхона органлари тизимида товарларнинг намуналари ва синамаларини тасарруф этиш тартиби тўғрисида низомда қуйидагилар белгиланган:

  • божхона чегараси орқали ўтказилаётган товарлардан намуналар ёки синамаларни танлаб олиш тартиби;
  • уларни божхона лабораторияларига тақдим этиш тартиби;
  • тасарруф этиш, сақлаш ва йўқ қилиш тартиби.
Top