21:20 / 06.04.2021
12676
Kun.uz мухбирини очиқ суд мажлисидан чиқариб юборган суд ҳайъати раиси ишни кўришдан четлатилди

Тил бириктириб, жарималарни талон-торож қилган судьялар ва ЙҲХ ходимларига оид жиноят иши апелляция инстанциясида бошқа судья раислигида кўрилади. Kun.uz бу ишни қонунларда белгиланган тартибда кузатишда давом этади.

ЖИБ Тошкент вилояти судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисидан Kun.uz мухбири чиқариб юборилгани бўйича муносабат билдирилди. Иш бўйича судлов ҳайъати раиси ишни кўришдан четлатилиб, бошқа судья раис этиб тайинланган.

Тошкент вилоят судининг муносабатида келтирилишича, ушбу жиноят ишини апелляция инстанциясида кўриб чиқиш жараёнида судлов ҳайъати томонидан ишда қатнашаётган шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ёки шахсий ҳаётига оид маълумотлар тарқалиб кетишининг олдини олиш ҳамда тарафларнинг эътирозидан келиб чиққан ҳолда суд мажлисида сайт мухбирининг иштирок этиши мақсадга мувофиқ эмас, деб топилган.

«Ўрганиш жараёнида судлов ҳайъати бундай тўхтамга барвақт келгани аниқланди. Ўз навбатида, бундай ҳолат жамоатчиликда суднинг холислигига шубҳа пайдо қилиши эҳтимолини инобатга олиб, суд мажлисида раислик қилиш бошқа судьяга топширилди.

Навбатдаги очиқ суд мажлисида ишда тараф бўлмаган шахсларнинг иштироки белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, қонуний ҳал этилади» – дейилади вилоят суди муносабатида.

Kun.uz ушбу жиноят иши бўйича суд мажлисларини қонунларда белгиланган тартибда кузатишда давом этади.

Эслатиб ўтамиз, апелляция инстанциясида кўрилаётган бу жиноят иши – йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун ундирилган 3,4 млрд сўм жарималарни талон-торож қилган собиқ судьялар, судья ёрдамчилари ва ЙҲХ ходимларига оид.

Маълумот учун, Жиноят процессуал кодекси ва Олий суд Пленумининг «Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида»ги қарорига биноан:

  • очиқ суд мажлисларида нафақат ОАВ вакили, балки исталган шахс ишни кўришга халақит бермаган тарзда қатнашишга ҳақли;
  • тарафлар фикри эса қачонки ОАВ томонидан очиқ суд мажлисида видео ёки аудиоёзув амалга оширилмоқчи бўлинганда инобатга олиниши лозим, очиқ суд мажлисида қатнашиш учун эса низолашаётган тарафларнинг эътирози ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас.
Top