23:15 / 07.04.2021
8856
Германиялик ўсмир 2021 йилнинг энг ёш миллиардери деб тан олинди

Forbes нашри талқинига кўра, 2021 йилда дунёдаги энг ёш миллиардер 18 ёшли германиялик Кевин Дэвид Леманн бўлди. У ўз отаси Гюнтер Леманндан Drogerie Markt дорихоналар тармоғининг 50 фоизини мерос қилиб олди.

Business Insider’нинг ёзишича, Гюнтер Леманнинг бойлиги 3,3 млрд долларга баҳоланади. У ўғли 14 ёш бўлганда унга бизнесидаги улушини берган. Бироқ Кевин балоғат ёшига етмагунча ўз улушини ўзи истаганча бошқара олмаган. Энди эса у расман Drogerie Markt дорихоналар тармоғининг 50 фоизини мерос қилиб олди.

Drogerie Markt 1974 йилда ташкил этилган ва ҳозирда Германиядаги етакчи дорихоналар тармоғи ҳисобланади. Компания сайтида келтирилган маълумотларга кўра, тармоқ 2 мингдан кўпроқ дорихонага эга ва унда 40 мингдан кўпроқ одам ишлайди.

Forbes маълумотларига кўра, ота-бола компания бошқарувида фаол иштирок этмайди ва ошкора ҳаёт тарзи олиб бормайди. Business Insider улардан изоҳ олишнинг уддасидан чиқмаган.

2021 йилнинг энг ёш миллиардерлари рўйхатида 2-ўринни Ван Цзелонг эгаллади. 24 ёшли хитойликнинг бойлиги 1,5 млрд долларга баҳоланмоқда. 3- ва 4-ўринларни норвегиялик опа-сингил – 24 ва 25 ёшли Александра ва Катарина Андресен эгалламоқда. Улардан ҳар бирининг бойлиги 1,4 млрд долларни ташкил қилади. Улар Ferd оилавий компаниясида улушга эга.

Forbes рўйхатига бойлиги 1 млрд доллардан кўпроқ одамлар киритилади. Нашрнинг янги рейтингига кўра, ҳозирда дунёда ҳар қачонгидан кўпроқ миллиардер бўлиб, улар 2755 нафарни ташкил қилмоқда. Дунё миллиардерларининг бойлиги бир йил ичида 8 трлн долларга кўпайиб, ҳозирда 13,1 трлн долларни ташкил қилмоқда.

Top