15:00 / 12.04.2021
5765
Қозоғистонда коронавирус билан боғлиқ вазият уч бараварга ёмонлашгани маълум қилинди

Бутун мамлакат бўйича касалланиш ҳолатларининг 61 фоизи учта – Нур-Султон, Алмати шаҳарлари ва Алмати областига тўғри келади.

Фото: ТАСС

Қозоғистонда апрел ойида коронавирус билан боғлиқ вазият март ойидагига нисбатан уч бараварга ёмонлашди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой маълум қилди.

Цойнинг сўзларига кўра, коронавирус юқтирганлар сони Қустанай ва Туркистон областларидан ташқари барча ҳудудларда ўсиб бормоқда. Шу билан бирга, бутун мамлакат бўйича касалланиш ҳолатларининг 61 фоизи учта – Нур-Султон, Алмати шаҳарлари ва Алмати областига тўғри келади.

«Апрелда эпидемиологик вазият ёмонлашгани қайд этилди. Апрелнинг 11 куни давомида 24 955та ҳолат аниқланди. Март ойининг шу даврига нисбатан касаллик юқтириш ҳолатлари уч бараварга ўсган. Бир суткада 2800 нафаргача бемор қайд этилмоқда», – деди Цой.

Вазирнинг айтишича, Қозоғистонда 30 109та койка ҳозирланган бўлиб, ҳозирда уларнинг 41 фоизи банд. 

Маълумот берилишича, мамлакатда ўтган суткада 2290та янги ҳолат аниқланган.

Top