18:09 / 12.04.2021
1720
Россия молиявий кўмагида мактабларга «Иқлим қутичаси» ўқув қўлланмаси жорий этилмоқда

 Бугун, 12 апрел куни АОКАда ўқувчиларга мўлжалланган иқлим ўзгариши бўйича «Иқлим қутичаси» услубий қўлланмаси тақдимоти бўлиб ўтди. Унда «Ўзгидромет», Республика таълим маркази, БМТ Тараққиёт дастури вакиллари иштирок этди.

Қўлланма мактабларга жорий этилишида ташаббускор бўлган БМТ Тараққиёт дастури Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Дойна Мюнтянунинг таъкидлашича, «Иқлим қутичаси»ни таълим жараёнига жорий қилишдан кўзланган мақсад — ёшлар ва жамоатчиликнинг иқлим ўзгариши атроф-муҳитга таъсири ҳақида хабардорлигини ошириш. Мактабларда ушбу қўлланманинг ўқитилиши ўқувчилар онгида атроф-муҳитга бўлган муносабатни эрта ривожлантиришга имконият беради.

2014 йилда БМТ Тараққиёт дастури ишлаб чиққан таълим муассасалари учун «Иқлим қутичаси» ўқув қўлланмасини 2018 йилдан бошлаб республикада мактаб таълим жараёнига жорий қилишга мослаштириш бўйича ишлар олиб борилди, у ўзбек ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинди. Шу кунгача Тошкент шаҳрининг 3та мактабида “Иқлим қутичаси” синов тарзида ўқитилди.

«Иқлим қутичаси» материаллари тўплами Россия молиявий кўмагида, «Ўзгидромет» ва Республика таълим маркази билан кенг ҳамкорликда БМТ Тараққиёт дастури, Мослашув жамғармасининг «Ўзбекистоннинг қурғоқчил ҳудудларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқлимга бардошлилигини таъминлаш» қўшма лойиҳасини амалга ошириш доирасида мослаштирилди.

Маълумот учун, 2015 йилда «Иқлим сандиқчалари» Россиянинг 157та ўрта мактабида муваффақиятли тажрибадан ўтказилди. Ўша йили «Иқлим сандиқчаси» инглиз тилига таржима қилинди ва Парижда ўтказилган Иқлим ўзгариши бўйича БМТнинг Доиравий Конвенцияси томонларининг конференциясида (СОР-21) тақдим этилди. 2016 йилда эса Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатларида жорий этила бошланди.

Тадбирда қатнашган Республика таълим маркази раҳбари Шуҳрат Сатторовнинг маълумот беришича, 2021–2022 ўқув йилидан бошлаб мактабларда «Табиий фанлар» дарслиги ўқитилиши бошланади ва унинг таркибида «Иқлим қутичаси» қўлланмаси ҳам ўқитилади, ўқувчиларга табиат ҳақида билимлар ўйин тарзидаги (геймификация) машқлар орқали тақдим этилади.

Республика таълим маркази томонидан умумтаълим мактаблари ўқитувчилари, халқ таълим бўлимлари услубиятчилари, мактабдан ташқари таълим муассасалари мутахассислари, синф раҳбарларига Ўзбекистон иқлим шароитлари ва хосликлари ҳақидаги материаллар билан таълим жараёнида ва мактабдан ташқарида таҳсил беришда фойдаланишлари учун ўқув-услубий қўлланма ишлаб чиқилди.

Top