01:08 / 14.04.2021
5145
Қаршидаги тегишли ҳужжатларсиз ўрнатилган кран демонтаж қилинди

Жорий йилнинг 9 апрел санасида Kun.uz сайтида “Қаршида ҳужжатсиз, рухсатсиз ўрнатилган кран: кўп қаватли уй аҳолиси ўз турар жойидан хавотирда” сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда Қарши шаҳридаги Оқтепа маҳалласи аҳолиси кўп қаватли турар жойнинг ҳимоя ҳудуди эътиборга олинмасдан ўрнатилган қурилиш крани устидан шикоят қилган.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Kun.uz’га маълум қилишича, Қарши шаҳридаги Оқтепа маҳалласи ҳудудидаги кўп-қаватли аҳоли турар жойи ёнида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмасдан олдин ўрнатилган минора крани бўйича қўмитанинг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси ходимлари қурилиш майдони белгиланган жойга бориб ҳудудда истиқомат қилувчи яшовчи аҳоли вакили, қурилиш ташкилоти “Буюк карвон инвест транс” МЧЖ раҳбари Н.Мовлонов, пудратчи ташкилот вакили ва Қашқадарё вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси вакили иштирокида минора крани ҳолати ўрганиб чиқилди ҳамда қуйидагилар аниқланди:

1. Минора крани “Паҳлавон” МЧЖга қарашли эканлиги ва ушбу кран ижара шартномаси асосида келтирилганлиги;

2. Қурилиш майдончасида юк кўтариш кранига тааллуқли ҳеч қандай ҳужжатлар ва кран билан ишларни олиб бориш режаси (ППР) мавжуд эмаслиги;

3. Қурилиш меъёрлари ва қоидалари 3.01.02-00, “Қурилишда хавфсизлик техникаси” (2007 й) талаблари (2.5; 2.11 банд, 7-бўлим; 7-илованинг 16 банди) бажарилмаганлиги аниқланди.

Аниқланган ҳолат юзасидан қурувчи ташкилот (буюртмачи) ва юк кўтариш крани (пудратчи) эгаларидан:

- Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг 2019 йил 20 июнда 20/ЮБ-26-сонли Қарори билан тасдиқланган “Юк кутариш кранларининг тузилиши ва уларни хавфсиз ишлатиш коидалари” талаблари;

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги қарори билан тасдиқланган “Саноат хавфсизлигини экспертизадан ўтказиш ва экспертиза хулосасини бериш тартиби тўғрисида”ги 784-сонли низомига асосан, ўз иш муддатини ўтаб бўлган техник қурилма яроқлилиги бўйича эксперт ташкилотлардан хулосаси мавжудлиги;

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 июндаги №360-Қарори (5-илова, 10.6 банд) талаблари бажарилганлиги тўғрисида маълумот ва ҳужжатлар талаб этилди. Лекин шу кунга қадар ҳеч қандай ҳужжатлар тақдим қилинмади.

Жорий йилнинг 12 апрел куни Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Қашқадарё ҳудудий бошқармаси бошлиғи И.Маматов ва давлат инспектори

С. Баратов буюртмачи ташкилот - “Буюк карвон инвест транс” МЧЖ раҳбари Н.Мавлонов ва пудратчи ташкилот – “Паҳлавон” МЧЖ раҳбари Ж.Ачиловлар билан учрашиб ҳолат юзасидан қайта ўрганиш ўтказилди ва Кранни монтаж қилиш ва эксплуатация қилиш бўйича талаб этиладиган ҳужжатлар (ўз вақтида техник кўрикдан ўтказиш, эксперт ташкилоти томонидан кранни яроқлилик тўғрисида хулоса олиш, махсус рухсатномалар, кран билан ишларни олиб бориш режаси (ППР) ва хакоза) шакллантирилмаганлиги аниқланди.

Шу сабабли минора крани демонтаж қилинди, ҳамда уни монтаж ва бехатар эксплуатация қилишда қўйиладиган талаблар тўлиқ бажарилмагунга қадар қурилиш-монтаж ишлари тўхтатиб қўйилди.

Top