09:09 / 15.04.2021
12704
Ходимни ишдан бўшатишда компенсация тўлаш тартиби ўзгартирилди
Фото: Getty Images

Меҳнат вазирлиги томонидан тасдиқланган меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилиниб, огоҳлантириш муддати пуллик компенсацияга алмаштирилганда ходимларга моддий мадад бериш тартиби ҳақидаги тушунтиришга ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, ҳужжатда келтирилган мисол (еттинчи ва саккизинчи хатбошилар) қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Меҳнат шартномаси 1 мартдан бекор қилиниши ҳақидаги билдирув хати билан ходим 1 январда ёзма тарзда огоҳлантирилди. Лекин, ходим билан иш берувчи келишуви асосида ушбу огоҳлантириш муддати пуллик компенсацияга алмаштирилди ва ходим билан меҳнат шартномаси 1 январдан бекор қилинди.

Ходимга огоҳлантириш муддатига мутаносиб равишда (январ, феврал ойлари учун) пуллик компенсация ва бир ойлик (январ учун) ишдан бўшатиш нафақаси тўланди. Агарда ходим, ишга жойлашмаганини меҳнат дафтарчаси ёхуд электрон меҳнат дафтарчаси кўчирма нусхаси билан тасдиқласа (электрон меҳнат дафтарчаси кўчирма нусхасида кўрсатилган маълумотлар тўғрилигини текшириш my.mehnat.uz электрон манзили бўйича электрон меҳнат дафтарчаси ноёб рақамини киритиш ёки мобил телефон ёрдамида QR кодни сканер қилиш орқали амалга оширилади), Меҳнат кодекси 67-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган иккинчи ой (феврал) учун ўртача ойлик иш ҳақини март ойида олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Ушбу ходим, меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг 30 (илгари – 10) календар кун ичида, яъни 2 январдан 31 январгача бўлган муддатда маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлса ва апрел ойида бу тўғрисида меҳнат органи маълумотномасини тақдим қилса, унга учинчи ой (март) учун ҳам илгариги иш жойидан ўртача ойлик иш ҳақи тўланади».

Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.04.2021 йилдан кучга кирди.

Top