22:55 / 16.04.2021
5609
Эронда биринчи марта 60 фоизгача бойитилган уран олинди

 Эрондаги ядро объектларида 60 фоизгача бойитилган ураннинг илк партиясини олишга муваффақ бўлинди. Бу ҳақда Эроннинг Атом энергетикаси ташкилоти раҳбари Али Акбар Солиҳий маълум қилди.

Фото: Getty Images

Маълумки, 20 фоиздан юқорироқ даражада бойитилган уран қурол урани ҳисобланади.

Солиҳийнинг маълум қилишича, 16 апрелга ўтар кечаси эронлик олимлар 60 фоизгача бойитилган урандан 9 грамм олишга муваффақ бўлишган. Айни вақтда ядро объектларининг ишлаб чиқариш қувватлари ушбу даражадаги урандан соатига 9 грамм олишга имкон беради.

Мутахассиснинг таъкидлашича, ҳозирда Эроннинг ядро объектларидаги центрифугалар 20 фоизгача ва 60 фоизгача бойитилган уран ишлаб чиқара олади. Бундан ташқари, Эрон ҳар қандай даражагача бойитилган уран олишга қодир. Маълум қилинишича, ядро бомбасини тайёрлашда 90 фоизгача бойитилган уран қўлланади. 

 Эрон вакилининг айтишича, Теҳрон 60 фоизгача бойитилган урандан молибден олишда фойдаланади. Ундан ёнилғи олишда фойдаланилмайди.

 Солиҳийнинг таъкидлашича, Натанзадаги ядро объекти унда содир этилган қўпорувчиликдан кейин ҳам фаолиятини давом эттирмоқда. «Центрифугалар авариявий электр таъминоти манбасидан ишламоқда. Асосий энергия манбайи бир-икки кун ичида уланади», деб таъкидлаб ўтган Эрон вакили.

13 апрелда Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Аббос Ароқчи Натанзадаги ҳужумга жавобан мамлакатда уран 60 фоизгача бойитилиши бошланишини маълум қилганди. Теҳрон ўз ядро объектига ҳужумда Исроилни айбламоқда.

Top